Урганч аэропорти об-ҳаво шароитлари муносабати билан ёпилди
Кечга яқин кучайиб бораётган қор Урганчда халқаро аэропорт ёпилишига сабаб бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво ҳарорати 19 январь соат эрталабки 5:00 га қадар ёпилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар беради.
18 январь куни ноқулай об-ҳаво шароити туфайли «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Истанбул-Урганч йўналиши бўйича парвозини амалга ошираётган HY-280 самолёти Тошкент аэродромига қўнишни амалга оширди. Бортида 98 та йўловчи бўлган ҳаво кемаси соат 19:29 да пойтахт аэропортига қўнди. Барча йўловчилар 19 январь куни эрталабгача меҳмонхонага жойлаштирилди. Маълумотларга кўра, самолёт Тошкентдан Урганчга маҳаллий вақт билан соат 07:15 да HY-051 рейси билан парвозини амалга оширади.
Айни дамда қорнинг кучайиши боис, Урганч аэропорти ёпилган ва учиш-қўниш йўлагининг коеффициенти 0,3 кўрсаткичини ташкил этади, бу эса, самолётларнинг учиши ва қўнишига йўл қўймайди. Об-ҳаво маълумотларига кўра, қор бутун кеча ёғишда давом этади. Шу муносабат билан яна иккита рейснинг кечикиши кутилмоқда. Қозон – Урганч йўналиши бўйлаб, белгиланган аэропортга соат 21:45 да қўниши кутилаётган «Уральские авиалинии» компанияси самолёти об-ҳаво шароити туфайли Қозондан учишни амалга ошира олмади. Ҳудди шундай ҳолат » Red Wings» авиакомпаниясининг Москва – Урганч рейсида ҳам кузатилмоқда. Самолётнинг Домодедово аэропортидан учиши кечикмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала ҳаво кемасининг парвози 19 январь куни эрталабга қолдирилади. Учишни амалга оширишнинг аниқ вақти ҳақида авиакомпаниялар маълумот беради.
Шарҳлар