Урганчдаги болалар уйи тарбияланувчиларини зўрлашда айбланаётган шахслар сони ошиши мумкин
Олий суднинг жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Обидов педофил амалдорлар иши бўйича янги тафсилотларни маълум қилди. Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси Хоразм вилоят Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун ишни прокурорга юборди.Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг суд мажлисида прокурор судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида судланувчиларга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун жиноят иши ҳужжатларини айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаришни сўраган.
Апелляция инстанция судлов ҳайъати прокурор илтимосномасини қаноатлантирган ҳамда судланувчилар Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга оид жиноят иши бўйича ажрим қабул қилиб, Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосарига юборган.
Жиноят ишини судда кўриш эса 1 ойлик муддатга тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, Хоразмдаги оилавий болалар уйи тарбияланувчиларига нисбатан содир этилган жирканч жиноят иши бўйича биринчи инстанция судининг ҳукми 2022 йил сентябрда қабул қилинган. Ўтган йил декабр ойига келиб иш Хоразм вилояти судида апелляция тартибида қайта кўрилган. Вилоят суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.
Бош прокуратура суд ҳукми ва апелляция инстанцияси ажримлари қонунийлигини ўрганиб чиқиб, судланувчиларга енгил жазо тайинланган, деган хулосага келганди.
6 апрель куни иш Олий судда кўриб чиқилиб, ҳукмнинг Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовга оид қисми бекор қилинган ҳамда апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилди.
Аввалроқ, БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСEФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ва фаолият юритиш тамойиллари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш, қонунчиликдаги ўзгаришлар, БМТ Болалар ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга тақдим этган тавсиялари ҳақида Anhor.uz сайтига интервью берган эди.
Шарҳлар