USAID ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларнинг Ўзбекистон электрон тижорат секторидаги иштирокини кенгайтирмоқда

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистондаги ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларни мамлакатнинг рақамли иқтисодиётига жалб қилишга қаратилган ташаббус ишга туширилди. Дастурда Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиб,  улар электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) ва реклама бўйича машғулотларда қатнашади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг матбуот хизмати хабар беради.

Битирувчилар дастур якунида ишга жойлашиш ва ўз стартап бизнесини бошлаш имкониятига эга бўладилар. Ушбу ташаббус Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватлови, хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси кўмагида “Шарқ аёли” халқаро хотин-қизлар жамоат фонди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган инвестициялар гендер тенглигини таъминлаш, камбағалликка барҳам бериш ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хизмат қилади. Бундай дастур рақамлаштиришдаги гендер тафовутини йўқотишга хизмат қилиб, аёлларга иш топишда ёрдамлашади ҳамда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди», —  дейди USAID миссияси директори вазифасини вақтинча бажарувчиси Луанн Гронховд.

Ўзбекистон электрон тижорат тармоғи шиддат билан ўсиб, 2020 йилда олинган даромад салкам 500 миллион АҚШ долларига етди. Мамлакатда 27 миллион интернет фойдаланувчиси борлиги ва яқин бир неча йил давомида рақамли инфратузилмага 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши – мазкур тармоқнинг янада ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратмоқда. Шу билан бирга, интернет тармоғи аҳолининг ижтимоий жиҳатдан энг заиф қатламлари, шу жумладан аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад олишнинг кенг кўламли имкониятларини яратиши мумкин. Аммо электрон тижорат билан шуғулланиш ёки ўз бизнесини йўлга қўйиш учун аёлларга, кўпинча, тегишли малака ва маблағ етишмайди.

Электрон тижорат ва рақамли касблар академияси томонидан ишлаб чиқилган 45 кунлик масофавий таълим курсининг якунида иккита синов ҳудудидан 200 нафар ижтимоий заиф хотин-қиз ва Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар Миллий ассоциациясидан 40 нафар аёл электрон тижоратда ишбилармонлар ва кўникмага эга бўлган ишчилар сифатида қатнаша олади. Иштирокчилар кейинчалик ўз онлайн дўконларини ишга тушириб, маҳсулотларни глобал ва маҳаллий платформалар орқали сотиш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу дастур USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг май ойида USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 миллион АҚШ доллари ажратилганини эълон қилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.