USAID Ўзбекистон қишлоқ хўжалик секторидаги аёлларни қўллаб-қувватлашга 1 млн доллар ажратади
USAID номидан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги номидан вазир Жамшид Хўжаев 2021 йилнинг 20 август санасида ўзаро Англашув меморандумини имзоладилар. Меморандумнинг мақсади – яқинда ўз фаолиятини бошлаган USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилади.
Тадбир давомида USAID Ўзбекистонда қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 млн. АҚШ доллари ажратишини маълум қилди. Бу маблағ қишлоқ аёлларининг ахборот технологиялари ва тадбиркорлик кўникмаларини яхшилаш, уларга тадбиркорлик корхоналарини очиш ва маҳаллий корхоналарга расмий ишга жойлашишларига кўмаклашиш учун тасарруф этилади.
Ўтган йилнинг июл ойида ўз фаолиятини бошлаган USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури – мақсадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча қиймат қўшишнинг янги технологиялари ва бошқарув амалиётини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусий сектор улушининг ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган беш йиллик лойиҳадир. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аёллар ва ёшларни соҳага жалб қилиш, таълим муассасаларини хусусий сектор эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ва қишлоқ хўжалиги учун қулай сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида шунингдек, Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ушбу жамғарма Ўзбекистон бўйлаб хусусий агробизнес корхоналарининг инновацион ғояларини молиялаштиради.
Шарҳлар