UzAutoMotors компанияси Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатди

Источник: https://www.autostrada.uz/

UzAutoMotors компанияси 20.12.2021 дан 01.02.22 гача бўлган даврга Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti автомобилларини сотишга янги аризаларни қабул қилишни тўхтатмоқда. Компания бор кучини олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга йўналтиради, дейилади компания хабарида.

«Барчамизга маълумки, яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмларни портлар ва темир йўл орқали етказиб бериш билан боғлиқ глобал логистика муаммолари ( 6 ойгача контейнерлар кечикиши) бутун дунё автомобиль саноатининг давомли инқирозига олиб келди. Афсуски, бизнинг Компания ҳам бундан мустасно эмас».

Хабарда айтилишича, «кечаю-кундуз ишлаб чиқариш шунингдек, барча дилерларнинг саъй-ҳаракатлари ва Компания ходимларининг астойдил меҳнатига қарамай, автосалонларда навбатлар кўпайишда давом этмоқда».

«UzAutoMotors жамоаси октябрь, ноябрь ҳамда декабрь ойларида сифатни йўқотмаган ҳолда шартнома мажбуриятларини бажариш учун барча имкониятларини ишга солди. Аммо компания ҳар сафар вазиятни ўнглаб, аввалроқ етказиб берилмаган автомобилларни ишлаб чиқариш ҳамда доимий иш ритмига қайтаётганида, етказиб берувчилар томонидан йўлга қўйилган навбатдаги носозлик ҳаммамизни орқага ташлади».

Компания бўлғуси харидорлардан узр сўраб, шундай дейди:

«Бизга ушбу қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Аммо вужудга келган ҳолатда Компания аввал тузилган шартномалар бўйича автомобилларни ишлаб чиқаришни ўзининг асосий устувор вазифаси деб билади».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.