Uzmetronom сайтининг асосчиси Сергей Ежков судда Комил Алламжоновдан узр сўради

Источник: Комил Алламжонов

6 июль куни Шайхонтоҳур туман судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат)да назарда тутилган жиноятда айбланаётган Uzmetronom сайти асосчиси С.Ежковнинг жиноят иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда жабрланувчи К.Алламжонов ва судланувчи С.Ежков «Бриллиантовый мальчик» ва «Слив с дальним прицелом» мақолалари юзасидан ўз позицияларини билдирдилар.

С.Ежков тегишли далилларсиз материални эълон қилганидан афсусда эканлигини билдирди ва судда К.Алламжоновдан узр сўради.

Ўз навбатида, Алламжонов, унинг мақсади — Ежковни жазолаш эмас, балки ўзининг ҳақ эканини исботлаш бўлганини, у бунга эришгани ва ўз аризасини қайтариб олишини билдирди. У ҳар қандай баҳслар кўчада, «подвал»ларда эмас, айнан судларда ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади.

Суд мажлиси якунида Комил Алламжонов Сергей Ежковга қўл узатгани залдагилар учун кутилмаган воқеа бўлди. У Ежковга ўзининг «Алламжонов айбдор» китобини «Суд залидан азиз Ежков С.A. акага эсдалик учун» деб ёзилган дастхат билан совға қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.