“UZPAYNET” МЧЖ хусусийлаштирилди

Фото: bankers.uz

“UZPAYNET” МЧЖдаги 100 фоизлик давлат улуши “New Industrial Technologies” масъулияти чекланган жамиятига сотилган. Бу ҳақда Статистика агентлигининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларида акс этган. Олди-сотди битими айнан қачон амалга оширилгани маълум эмас, бироқ МЧЖ эгаси ўзгаргани ҳақидаги маълумотлар ўтган йил ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.

2019 йил очилган “New Industrial Technologies” МЧЖнинг устав фонди 273 млрд 560 млн сўмни ташкил қилади. Компания таъсисчилари сифатида иккита жисмоний шахс – Алекс Ли (60%) ва Мустафа Абдрахманов (40%) ҳисобланади. Қайд этиш керакки, Мустафа Абдрахманов “Азия Альянс банк”нинг асосий акциядори “Asia Alliance Group” МЧЖнинг ҳам 77,6 % улушига эгалик қилади.

“UZPAYNET” МЧЖ Paynet тўлов тизимининг оператори ҳисобланади. “PAYNET” тўлов тизимига 2005 йилда финтех-тадбиркор Ботир Арифжанов ва унинг шериклари томонидан асос солинганди. Кейинчалик, бренд эгаси ҳисобланган “UZPAYNET” МЧЖ давлат тасарруфига ўтган, тадбиркор эса компаниядан кетган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.