UzReport TV муаллифлик ва турдош ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги даъво бўйича судни ютиб чиқди

Фото: UzReport

UZREPORT TV канали муаллифлик ва турдош ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги даъво аризаси бўйича Beeline компаниясини ютиб чиқди. 28 июнь куни судья Виталий Ли раислиги остидаги Тошкент туманлараро иқтисодий суди UZREPORT АА МЧЖнинг UNITEL МЧЖга (Beeline савдо маркасининг эгаси) нисбатан даъвосини тўлиқ қондириш ҳақидаги қарорни эълон қилди. Бу ҳақда телеканал хабарида сўз боради.

Суд қарорига мувофиқ, жавобгар UNITEL МЧЖга Beeline TV мобил иловасидан UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканалларини олиб ташлаш ва бундан буён бу каналларни  UZREPORT АА МЧЖ билан шартнома тузмасдан трансляция қилмаслик мажбурияти юкланди.

«Телеканалимизнинг Beeline компаниясига нисбатан даъвосини тўлиқ қондириш ҳақида суд қарорини, шубҳасиз, холис ва адолатли деб ҳисоблаймиз. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг таркибий қисми сифатида устувор ҳисобланади, бундан мамлакат президентининг ушбу масала алоҳида эътибор бераётгани ҳам далолат бермоқда. “Агар интеллектуал мулкни ҳисо қилишни мастуҳкамласак, бу ҳам учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади”, дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда. Бевосита бу ишга тўхталадиган бўлсак, UzReport судда аниқланган фактларга кўра айни пайтда Beeline компаниясига ҳамда O’zbekiston Kabel Televideniyasi МЧЖ га қарши ноқонуний ҳаракатлар натижасида кўрилган маънавий ва моддий заррани қоплаш ҳақидаги даъво аризасини тайёрламоқда», – дейди UZREPORT TV бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Алишер Азимов.

Аввалроқ жавобгарнинг вакили канал ретрансляциясини UzKabel билан лицензион келишув асосида амалга ошираётганини билдирганди. “Биз Uzreport TV ни чиқариб ташлай олмаймиз, бу лицензион келишувнинг бузилиши бўлади”, – деганди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.