Uzreport TV vs Beeline TV иши бўйича суд: Интеллектуал мулк агентлигининг вакили даъво асосли эканини билдирди
Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судида UzReport TV каналининг Unitel (Beeline) компаниясига берган даъвоси бўйича ишни тинглаш давом этмоқда. Телеканал мобил операторни муаллифлик ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда. Телеканалнинг даъво аризасида Beeline компанияси келишув тузмасдан ўзининг Beeline TV мобил иловасида UzReport TV ва Futbol TV телеканалларининг эфирларини ретрансляция қилиш билан шуғуллангани қайд этилади. Ишни судья Виталий Ли кўриб чиқмоқда.
Биринчи муҳокамада жавобгар Ахборот технологиялари вазирлиги ва UzKabel мутахассисларини кейинги мажлисга экспертлар сифатида жалб этиш ҳақида илтимоснома киритди. Жавобгар телеканал ретрансляциясини UzKabel билан лицензион келишув асосида амалга ошираётганини билдирди. “Биз Uzreport TV каналини чиқариб ташлай олмаймиз, бу лицензион келишувнинг бузилиши бўлади”.
Интеллектуал мулк агентлигининг вакили Халилжон Жўраев бугунги суд мажлисида низо предмети бўйича мустақил даъво бермаган учинчи томон сифатида қатнашди.
UzReport TV томонидан билдирилган ҳуқуқлар турдош ҳуқуқлар тоифасига киради. Турдош ҳуқуқлар “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хусусан, қонуннинг 44-моддасига мувофиқ ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари турдош ҳуқуқлар объектларига киради.
Қонуннинг 45-моддасида Ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар турдош ҳуқуқлар субъектлари эканлиги қайд этилади. Турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.
«Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни (ретрансляция ҳам шунга киради) амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Ретрансляция муаллифлар, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига етказишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак».
Интеллектуал мулк агентлиги вакилидан низо моҳияти бўйича қандай хулоса қилиши мумкинлиги ҳақида сўрашди. Вакил бу саволга жавобан UzReport телеканалининг Unitel компаниясига даъвоси асосли эканини билдирди.
Кейинги суд мажлиси 28 июнга тайинланган.
Шарҳлар