Ëнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилади
Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қиляпти.
«Ëнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга эса 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган», – дейилади хабарда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс Кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш кўзда тутилмоқда.
Шарҳлар