Bo'limsiz

“Ўзбек киносини биласизми?”: Ўзбек киносининг тарихи, ривожланиш босқичлари ва унинг томошабин ҳаётида тутган ўрни

Фото: Anhor.uz

Anhor.uz кузатувчиларига кино саводхонлиги, унинг медиа ва ахборот саводхонлиги маконида тутган ўрнини англаб етиш учун ўзбек киноси тарихидан бошлаш тўғри бўлса керак. Бугунги суҳбатдошларимиз, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, ЎзДСМИ ўқитувчиси, киноэксперт Феруза Файзиева ҳамда Ўзбекистон давлат драма театри актрисаси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Муҳаббат Абдуллаева. Ҳуш келибсизлар.

Б.Каримов: Ўзбек киноси усталари ўзига хос ўзбек киноси мактабини яратишган. Сўнгги йилларда ушбу мактаб йўқолиб кетганми, йўқми, яратилаётган фильмларда ушбу мактаб анъаналари қандай кўринишда ифода бўлмоқда?

 Ф.Файзиева: Ўзбек кино мактаби анъаналари мавжуд. Биз уни яратилаётган филмларда бемалол кўришимиз мумкин. Масалан, драматургияда, режиссурада, актёрлик изланишларида, кашфиёт ва топилмаларда яққол намоён бўлади. Шунингдек, жанрлар, драматургия мисолида ҳам яққол кўринади. Ёзувчилар ва режиссёрларнинг ҳамкорлигида хам ушбу мактаб анъаналарини кўрсак бўлади.

М.Абдуллаева: Ўзбек кино мактаби мураккаб даврларни бошидан кечирди, албатта. Лекин, хозирги замон талабига мос равишда ушбу мактаб анъаналари аста секин тикланмоқда. Бу жараёнлар эса кўпроқ меҳнат, ёш издошларимиздан эса астойдил ҳаракатни талаб қилади. Масалан, “Таъзиядаги тўй” кинофильми. Бемалол айтишим мумкин, бугунги кун сценаристлари орасида ҳам устоз-шогирд мактаби давом этмоқда. Масалан сценарист Шоира Ғиёсова, Абдулла Қодирийга тақлид қилади ва ўз асарларида миллийликни, урф одатларни тараннум қилади.

Фото: Anhor.uz

Б.Каримов: Режиссёрни, операторни ва актёрлар жамоасининг изланиши яхлит бир асарни вужудга келтиради. Масалан, юқорида тилга олинган “Таъзиядаги тўй” кинофильми ва бошқа асарлар томошабинларга қандай тарғибот воситаси бўлмоқда ва одамларнинг саводхонлик даражаларини қай бир йўналишда оширишга хизмат қиляпти?

Ф.Файзиева: Масалан, филмга биз ўз номи билан бадиий фильм деб қарадикми, демак унда бадият унсурларини биз кузатишимиз керак ва шу бадият унсурлари томошабинни тафаккурини ўстиришга, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, фикрда туртки бериш учун хизмат қилиши керак. Тўғри, яна бир тоифа киноларимиз бор, уларда маъжозий маъноларни англатувчи тасвирлар, ифода воситаларига кўзимиз тушади. Айниқса, Собир Назармуҳаммедов фильмларида бундай жараёнларни кўпроқ кузатишимиз мумкин. Яъни, рамзлар, тимсоллар орқали. Мустақилликнинг дастлабки йилларида яратилган “Отамдан қолган далалар”, “Ибрат” каби филмлардаги ва режиссёр Жаҳонгир Қосимов киноларида рамз, тимсолларни бадиий ифода воситаси сифатида муаллиф айтмоқчи бўлган фикрни ижро маҳорати орқали етказишга хизмат қилади.

Тарғибот воситасини ўтовчи фильмларимиз ҳам бор. Масалан, шу ўринда, режиссёр Ҳилола Насимовнинг филмларини тилга олишни истардим. “Алданган аёл”, “Одноклассники” ёки “Ажал жодуси” – бу айнан хозирги кунда жамиятимизда бор иллатларнинг кино тарғибот воситаси орқали томошабинга етқазишга ҳаракат қилинган изланишлар натижаси дейишимиз мумкин. Демоқчиманки, кино фақат кўнгил очар восита эмас, балки одамларни ҳаёт муаммоларида саводхон бўлишга ундайди.

Фото: Anhor.uz

М.Абдуллаева: Менимча, фильмни ёки сериални кўриб томошабин тарбияланади деб ўйламайман. Ҳар бир томошабин ўзига кераклигини олади. Ҳозир газета, китоблар, афсуски, кам ўқилади. Ёшларимизга ижтимоий тармоқлар катта таъсир кўрсатмоқда. Одамлар ёшларни аксарини телефонда, ижтимоий тармоқда ўтирганини кўрса, ўйнаб ўтирибди, дейди. Йўқ. Улар у ердан ўрганишмоқдалар. Ҳар бир тармоқнинг ўзига яраша ўқувчиси бор. Ёшларимиз кинолардан эмас, балки ҳаётида кўраётган нарсаларидан сабоқ олишмоқда. Сиз ташкил этган «Ўзбек киносини биласизми?» лойиҳангиз ҳам айни мақсадларга хизмат қилади, деб ўйлайман. Ёшларни ўтириб, телевизор кўришга вақти йўқ, сизни ушбу лойиҳангизни эса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари йўл-йўлакай ҳам томоша қилииб кетишлари мумкин ва бу каби лойиҳалар томошабин учун фойдали.

Бизнинг мақсадимиз, ўзбек киноси, маданиятини кенгроқ тарғиб қилиш ва ривожлантиришдир. Кино бу нафақат томоша воситаси, балки у томошабин учун чин маънодаги маънавий озуқа бўлиши керак деб хисоблайман.

 Б.Каримов: Ўзбек киносида тижорат ва давлат фильмлари деган жумла тез-тез қулоғимизга чалиниб туради, лекин, оддий томошабин учун икки йўналишдаги фильм ҳам ўзбек киноси маҳсулоти деб қабул қилинади. Бундаги тафовутни мазмуни нимада?

Абдуллаева: Аввал фақат давлат киноси бўлган, кейинчалик санъат соҳаси ҳам бозор иқтисодиётига кириб боришга мажбур бўлди, ҳусусий киностудиаларга ҳам имконият яратилди. Дастлаб, эксперт Ферузахонни фикрларини билайлик, ундан сўнг, актёр сифатида ўз фикрларимни тақдим этаман.

Ф.Файзиева: Ҳозирги кунда масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги студиалар ўзлари фильм тайёрлаб уни бемалол сотиш имкониятига эга. Айнан, шу тижорат фильмлари деган йўналишнинг шаклланишига сабаб бўлди. Бу нимадан келиб чиқди, мана Муҳаббат опа жуда яхши биладилар, мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат киностудиялари аянчли аҳволга тушиб қолди. Ана шу даврда айнан шундай хусусий студияларнинг фильмлари артистларга кун ўтказишга ёрдам берди.

Дастлабки фильмларга келсак, “Муҳаббат синовлари”, “Сарвиноз” ана шу тижорат студиаларининг махсулотларига киради. Кейинчалик, “Бойвачча”, “Супер келинчак”, “Келгинди келин”, “Шомурод ва Дурдона” каби кўнгилочар ва айрим ҳолларда саёз фильмлар экран юзини кўра бошлади. Томошабинда эса, «наҳотки ўзбек киноси шунчалик саёзлашиб кетди»,  деган тушунча ҳам пайдо бўлди. Шундан сўнг ҳам тўхталиш, ўсиш ўрнига зўрма-зўраки фильмларни ишлашда давом этилди ва кинода давлат ва тижорат фильми деган тушунчалар пайдо бўлди.

 Б.Каримов: Тижорат студиялари олган фильмлар орасида ҳам, назаримда, яхши фильмлар бўлди. Масалан, Муҳаббат Абдуллаева ўзи роль ижро қилган “Қадамлар” картинаси. Ушбу кино одамлар орасида ривожланаётган оғриқли иллат, одам савдоси ва унинг қурбонлари ҳаётини экранга олиб чиққан.

М.Абдуллаева:  Тўғри, долзарб муаммони кўтарган, яхши асар яратилган. Унда жасорат билан оғриқли муаммолар олиб чиқилган. Мен ижро этган образ ҳам ўз ўрнида аҳамиятли бўлган. Масалан, мени қийнайдиган бир бошқа жиҳат бор. Киноларимиз ўз йўлига, сериаллар ҳам ҳусусий студиалар қўлига ўтгач, бироз бу йўналишда ҳам оқсалишлар кўзга ташланди.

Фото: Anhor.uz

Б.Каримов: Яратилаётган бадиий филмларда бадиий тил яъни кино тилининг унсурларини кузатиш мумкинми. Кинода медиа тил тушунчалари ҳам мавжуд, у томошабинга қандай ва қай шаклда тақдим этилади?

Ф.Файзиева: Эсласангиз, дастлабки яратилган “Маъруф ва Шариф” фильми. Бунда енгил кулги уйғотиш мақсадида бухоро шевасидан фойдаланилган. Лекин бунинг умри қанча бўлди? Узоқ бўлмаганига гувоҳ бўлдик. Бадий асарларда, одатда, адабий тил нормалари ишлатилиши керак. У тижорат бўладими, давлатникими, албатта тил нормаларига эътибор қилиниши лозим.

М.Абдуллаева: Шева бўлиши ҳам мумкин, агар, у фильмнинг мақсадига, қандайдир эпизодида тўғри келса. Масалан шаҳарни одами қишлоқдан келган болани ўйнаётган бўлса, Бухоро, Андижон, Қорақалпоғистондан келган одамни гавдалантираётган бўлса уни ўзгариш жараёни сифатида ижро қилиши лозим.

Ф.Файзиева: Лекин, бу ерда меъёр масаласи муҳим. Чунки меъёр бузилганда бадият унсирларига путир етади. Зўрма зўраки дея, тилга олинганидек шевада гапирилса, албатта бу тил нормаларининг бузилиши дея, эътироф қилинади. Айрим фильмларимизда янграйдиган жумлалар бор, “Сава”, “Салют”. Булар эса ёшлар орасида урф бўлиш даражасигача чиқди. Бу мисол киноларимиз нафақат томоша воситасилигини, балки ибрат берувчи тарғибот бўлаётганини ҳам кўрсатади.

Б.Каримов: Масалан, Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланганлиги ўзбек киносида туб бурулиш ясай олдими? Ўзбек киноси Марказий Осиё ва халқаро миқёсда қандай ютуқларни қўлга киритмоқда?

Ф.Файзиева: Тошкент кинофестивали тикланишининг ўзига яраша яхши томони бор. Чунки, биз хориж кино ижодкорларининг ишлари билан танишамиз. Яна эътиборли жихати, аввалги кинофестивал ютуғи ва халқаро ҳамкорликка олиб чиққан эътиборли томони бор, бу “Алибобо ва 40 қароқчи”. Турк кино ижодкорлари билан ҳамкорликка олиб борган “Севгим менинг, андуҳим менинг” картиналари ушбу фестивалнинг ютуқли томони. Ҳозир қайта тикланган фестивалдан ҳам биз катта мақсадларни кўзлаганимиз аниқ. Кино санъатимиз ривожига муносиб хисса қўшади ва “Оскар”га олиб борувчи фильмлар яратилишига ишонамиз.

Б.Каримов: Қадрли кузатувчилар, “Ўзбек киносини биласизми?” лойиҳаси доирасидаги суҳбатларимиз давом этади. Бугунги меҳмонларимиз, Муҳаббат Абдуллаева ҳамда Феруза Файзиеваларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Кино санъатини ўрганишда давом этамиз.

Бобур Каримов суҳбатлашди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.