Ўзбекистон АҚШ ва Буюк Британия билан муҳим хомашёни қазиб олишда ҳамкорлик қилмоқчи

Фото: ngmk.uz

Шавкат Мирзиёев 2 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади. Президент муҳим хомашёни қазиб олиш ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни алоҳида таъкидлади.

Президент мамлакат ва инвесторлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари билан ўртоқлашди. Шавкат Мирзиёев тоғ-кон саноатига эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатимизда минерал хомашё ва муҳим металларнинг улкан заҳиралари мавжуд.

Мамлакат олтин, мис, вольфрам, кумуш ва ураннинг улкан захираларига эга. Ноёб  фойдали қазилмалар билан бир қаторда литий, магний, молибден, германий, ванадий, индий каби 30 дан ортиқ ноёб тупроқ металлари конлари мавжуд”, — деди у.

Шавкат Мирзиёев ўтган ойда мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон АҚШ ва Буюк Британия билан ҳам шундай келишув устида ишламоқда.

Шу муносабат билан замонавий халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади. Европа тикланиш ва тараққиёт банкига бу борада кўрсатаётган катта ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман, — деди президент.

Давлат раҳбари етакчи компанияларни Ўзбекистонга стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.