Ўзбекистон АҚШдан 1,2 млн доза Pfizer вакцинасини олди
Ўзбекистон COVAX билан ҳамкорликда COVID-19 га қарши курашиш учун беғаразлик асосида 1,2 млн доза Pfizer вакцинасини олди. «Ушбу хавфсиз ва самарали вакциналар Ўзбекистонда ҳаётларни ҳимоя қилади ва COVID-19 нинг янги хавфли вариантлари тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради», – дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.
АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм қуйидагиларни қайд этади: «Биз хавфсиз ва самарали вакциналарни иложи борича кўпроқ одамларга тақдим этиш учун тезлаштирилган режимда ишлаяпмиз. Глобал эмлаш қамровини ошириш – ушбу пандемиядан чиқишнинг энг яхши ечими. Ушбу беғараз вакциналар ҳаётларни қутқаради, жаҳон иқтисодиётини тиклайди ва COVID-19 нинг янги вариантлари таҳдидини тўхтатишга ёрдам беради».
Ушбу беғараз вакциналар АҚШ томонидан 2021 йил 30 июль куни Ўзбекистонга тақдим этилган 3 млн доза Moderna вакцинасига қўшимча равишда берилмоқда. Шу кунга қадар COVAX доирасида бир миллион дозага яқин AstraZeneca вакцинаси тақдим этилганди.
Бундан ташқари, АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) ушбу вакциналарни хавфсиз ва самарали тақсимлашда, шу жумладан тиббий ходимларни ўргатишга ёрдам бериш ва вакциналарни манзилга етказиб, одамларни вакцинациядан ўтишга рағбатлантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватламоқда.
Шарҳлар