Ўзбекистон Адлия вазирлиги: Швейцария Федерал жиноят судининг Каримова иши бўйича қарори якуний эмас
Швейцария Федерал жиноят суди асосий бенефициари Гулнора Каримова бўлган “Takilant Ltd.” компаниясига тегишли ноқонуний йўллар билан орттирилган маблағларни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон Адлия вазирлигининг қайд этишича, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларда суд қарорининг барча тафсилотлари ошкор этилмаган, бу эса ушбу иш бўйича ишончли маълумотларни кенг жамоатчиликка объектив етказишга тўсқинлик қилган.
Суд қарорига кўра 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг “Takilant Ltd.” Компаниясига қайтарилиши мумкин.
«Айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатишмоқда. Таъкидлаш жоизки, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга», – дея қайд этади вазирлик.
Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.
«Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Г. Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган», – дея хулоса қилади вазирлик.
Шарҳлар