Ўзбекистон БМТнинг Украинадан Россия қўшинларини олиб чиқиш ҳақидаги резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф қолди

Фото: UN Photo / Loey Felipe

БМТ Бош Ассамблеяси Украина ва унинг иттифоқчилари томонидан таклиф этилган, Россияни Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва у ердан қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи резолюцияни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда БМТнинг Твиттерида маълум қилинди, деб ёзади “Медуза” нашри.

Резолюция учун 141 давлат овоз берди. Яна 32 давлат овоз беришда бетараф қолди (улар орасида Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон ва Эрон бор). Еттита давлат – Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея, Эритрея, Никарагуа ва Мали ҳужжатга қарши овоз берди.

“Европейская правда” нашрининг ёзишича, резолюция Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йил кузида G20 саммитида тақдим этган “тинчлик формуласи” тамойилларига асосланади.

Шу билан бирга, “РБК-Украина”нинг қайд этишича, резолюция кенгроқ ва «тинчлик формуласи»га қараганда камроқ тафсилотларни ўз ичига олади. Ундаги матн БМТ Бош Ассамблеясида кўпроқ мамлакатларнинг овозига эга бўлиш мақсадида ўзгартирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюциялар халқаро ҳуқуқ доирасида мажбурий эмас.

Россия Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кирганидан кейин Бош Ассамблея Россиянинг ҳарбий тажовузкорлигини қораловчи камида тўртта резолюцияни қабул қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.