Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 137-ўринга тушди

Фото: RSF

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича йиллик рейтингни эълон қилди. 2023 йилда Ўзбекистон 180 та давлат орасида 137-ўринни эгаллади. Бир йил аввал у 133-ўринда эди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти маъруза учун маълум бир мамлакатда матбуот эркинлиги ҳолатига таъсир этувчи беш омил, хусусан: сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий контекст, қонунчилик базаси ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ҳисобга оладиган рейтинг методологиясидан фойдаланган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг маърузасига кўра, 2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан кейин ўзбек матбуотининг аҳволи бироз яхшиланган, бироқ ҳукуматни танқид қилиш мураккаблигича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари ва ҳукуматга алоқадор бир қатор блогерлар устидан жиддий назоратга эга. Мамлакатда оммавий ахборот воситалари ҳақида репрессив қонунлар мавжуд, шунингдек цензура, ўз-ўзини цензура қилиш ва кузатиш кенг тарқалган.

Маърузада шунингдек блогер Отабек Сатторий иши ва ўтган йил ёзида Нукусда бўлиб ўтган намойишларни ёритган журналистларга нисбатан тазйиқлар ҳам тилга олинади. 2021 йил май ойида Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбланиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди, бироқ у ўз айбига иқрор бўлмаган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти унга қўйилган айбловларни «шубҳали», суд қарорини эса “Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба” деб атади.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.