Ўзбекистон президенти хитойлик ҳамкорларни давлат корхоналарини хусусийлаштиришга чақирди

Главы Узбекистана и Китая
Фото: president.uz

24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти ва ХХР раиси ўртасида расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий воситаларни кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш тўғрисидаги келишувларни, шунингдек, Хитой Эксим банкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини очиш тўғрисидаги қарорини олқишлади.

Президент, шунингдек, хитойлик ҳамкорларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Давлат раҳбарлари минтақалараро алмашинув фаоллашганини олқишлашди. Бу йўналишдаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олинди.

Томонлар таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлигини таъкидлаб, биринчи қўшма Ёшлар инновацион форумини ўтказиш таклиф этилди.

Барча режалаштирилган тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш учун томонлар жорий йилнинг биринчи ярмида Ҳукуматлараро қўмита ва барча қуйи қўмиталар йиғилишларини ўтказишга келишиб олдилар.

Шунингдек, минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва “ёвузликнинг уч кучи”га қарши курашиш бўйича ўзгармас позиция тасдиқланди”, — дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Музокаралар якунида Ўзбекистон раҳбари Хитой Халқ Республикаси раҳбарини мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф қилди, шунингдек, Хитой халқини яқинлашиб келаётган Хитой Янги йили – Чунь Цзе байрами билан табриклади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.