Ўзбекистон президентининг ёшлар билан мулоқотидан олинган асосий бандлар
Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумига ташриф буюрди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими
Давлат раҳбари форумда иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилишини маълум қилди.
«Лекин бу ҳаммага, айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётгани ҳам бор гап. Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади», – деди у.
Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилиниши айтилди.
«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.
Қайтган ёшларга ёрдам бериш
«Хориждаги ёшларимиз қайтиб, ватанида ишлаши, бизнес билан шуғулланиши учун уларга кўмаклашиш, уй-жой билан ёрдам бериш зарур», – дея қайд этади президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу борадаги ишларни молиялаштиришга қўшимча равишда 100 млн доллар ажратилади. Миллий банкка, Ёшлар ишлари бўйича агентликка, Савдо-саноат палатасига етакчи хориж университетлари билан ҳамкорликда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш учун Тошкентда янги бизнес мактабни ташкил қилиш топширилди. Келаси йилдан бошлаб бизнес мактаб филиаллари барча ҳудудларда очилади.
Ёшлар технопарклари
Шу йил охиригача Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади. Келаси йили худди шундай технопарклар Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарёда барпо этилади.
«Шунингдек биз ёшларнинг стартап-ғояларини саралашнинг шаффоф тизимини яратамиз, келаси йили биз энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга бюджетдан 100 млрд сўм ажратамиз».
Вилоятлар ҳокимлари “Бизнес томон биринчи қадам” ёшлар стартап-лойиҳалари танловларини ўтказади ва маҳаллий бюджетдан ҳар бир тумандан камида учта ғолибга грантлар ажратади. Битта грантнинг ўртача миқдори 50 млн сўмни ташкил қилади.
10-11 синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талабга эга бўлган касблар ва ҳунарларга ўргатиш тизими
«Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат берганда у меҳнат бозорида талабга эга бўлган ҳеч бўлмаганда битта касб ёки ҳунарни билиши мажбурий қоидага айланади. Бу тизим нодавлат таълим ташкилотлари билан давлат-хусусий шериклиги асосида йўлга қўйилади», – дейди президент.
Ёшлар парламентда
«Биз бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро Иттифоқ кўмагида „Мен парламентда ёшларни қўллаб-қувватлайман!“ деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизлар парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз. Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидоий ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади».
Уй-жой харид қилишга квоталар
“Ипотека дастури доирасида ёш оилаларга уй-жой сотиб олишга қўшимча равишда 2 мингта квота ажратилади, ушбу мақсадларга бюджетдан 60 млрд сўм ажратилади” – дея қайд этади президент. Шунингдек, ёш оилалар томонидан ипотека кредитини узиш ҳисобига тўланадиган маблағлар даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.
“Дафтарларга” киритилган оилаларнинг оила қураётган фарзандлари учун ота-она уйида яшаш хоналарини қуришга гаровсиз 33 млн сўмгача миқдорда кредит бериш тизими жорий қилинади.
Шарҳлар