Ўзбекистон президентининг «Марказий Осиё давлатлари – Хитой» саммитидаги нутқининг асосий бандлари
25 январь куни Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон Президенти “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳим эканини қайд этди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жорий йилдаёқ бошлаш таклиф этилди.
Давлат раҳбари саммит иштирокчилари эътиборини рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратди. IT-парклар негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига тез ортиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада тезкор қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди. БМТ Бош Ассамблеясининг пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суриш таклиф этилди.
Ўзбекистон президенти муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ва технологик ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган “Экологик тоза ривожланиш”ни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек мамлакат етакчиси келгуси йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилишни, унда асосий эътиборни академик ва талабалар алмашинуви дастурларига, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга қаратишни таклиф қилди.
Шарҳлар