Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ФВ мониторинг қилиш тармоғини яратишни таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати Алоқа гуруҳи саммитида нутқ сўзлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир.
«Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этаман. Бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев яна нималар ҳақида гапирди
Пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.
«Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ. Айниқса, сўнгги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини алоҳида таъкидламоқчиман».
Шунингдек, бу муаммоларни халқаро миқёсда самарали ҳал этиш ва тизимли мувофиқлаштиришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихт́исослашган тузилмалари албатта асосий ролни бажариши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик Кенгаши таркибида келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак.
«Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман».
Шавкат Мирзиёев бу режани амалга ошириш мақсадида, Ташкилоти саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этди.
«Ишончим комилки, бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан ақлли иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади», – деди президент.
2015-2030 йиллар учун офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай доиравий дастури Фавқулодда вазиятлар хавфини сезиларли даражада камайтириш ва табиий офатлар натижасида одамларнинг ҳаёти, турмуши ва соғлиғини йўқотиши, одамларнинг иқтисодий, жисмоний, ижтимоий, маданий ва экологик бойликларига салбий таъсир кўрсатишини камайтириш бўйича умумий мақсадни белгилаб берувчи корхоналар, жамоалар ва мамлакатларнинг улкан келишувидир.
Шарҳлар