Ўзбекистон ТИВ Афғонистон ичидаги кучларнинг инклюзив ҳукуматни шакллантиришга тайёр экани ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашини билдирди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ичидаги кучларнинг инклюзив ҳукуматни шакллантиришга тайёр экани ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Дохадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига умид билдирамиз. Умид қиламизки, мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади. Ишончимиз комил, вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келади ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратади», – дейилади хабарда.
Айни дамда Ўзбекистоннинг Қобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.
Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича “Толибон” ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди.
«Шуни қатъий маълум қиламизки, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади».
Бундан олдин Бош прокуратура 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та ҳарбий вертолёт чегарани ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди. Сал кейинроқ идора ахборот “охиригача аниқлик киритилмагани ва масъул идораларнинг расмий текширилган ахборотига асосланмагани учун” бу хабарни олиб ташлади.
Шарҳлар