Ўзбекистон ва ACWA Power компанияси яна иккита қуёш электр станцияси қурилиши ҳақида келишув имзолади

Фото: Минэнерго

4 март куни Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўртасида инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида учта битим имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар беради.

Битимлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари жорий этилишини ўз ичига олади. Тошкент вилоятида 400 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, Самарқанд вилоятида эса 1 000 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, шунингдек, Бухоро вилоятида 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари жорий этилади. Шу билан бирга, лойиҳалар электр узатиш тармоқлари қурилишини ўз ичига олади.

Тадбир давомида Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди.

«Ўзбекистонда энергия сақлаш тизимларини жорий этилиши орқали тез орада минтақадаги энг йирик энергияни сақлаш иншоотларига эга бўлинади, бу эса тармоқни барқарорлаштириш ва республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Энергия сақлаш тизимлари ўзгарувчан қайта тикланувчи энергия манбаларининг ягона тармоққа бўлган таъсирини олдини олади. Улар ёрдамида ишлаб чиқариш даврида ортиқча электр энергиясини сақлаш ва кам ишлаб чиқариш даврида сақланган энергиядан фойдаланиш имконияти яратилади».

Ушбу лойиҳалар ишга тушгач, республика ҳудудларидаги 1,2 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва йилига 1,6 миллион тоннага яқин зарарли газлар чиқишининг олдини олишга эришилади.

Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳалар 10 миллиард долларлик мақсадли инвестициялар доирасида қарийб 2,5 миллиард доллар бўлган янги инвестицияларни жалб қилади. Яқинда компания билан республикада яшил водород ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича асосий шартлар тўғрисида битим имзоланди.

ACWA Power компанияси томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4 100 МВт бўлган 5 та электр станция, хусусан 2 600 МВт қувватли 4 та шамол ва 1 500 МВт қувватга эга 1 та замонавий иссиқлик электр станцияси қурилмоқда. Компания томонидан Сирдарё вилоятида қурилаётган 1 500 МВт қувватли замонавий ИЭС эса жорий йилда ишга туширилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.