Ўзбекистон ва Эрон ўртасида соддалаштирилган виза режими жорий этилди
13 октябрдан Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари ўртасидаги ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлар учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга кирди.
Мазкур битим Эрон президентининг 14−16 сентябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган.
Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ департаменти маълумотига кўра, мазкур ҳужжат 11 моддадан иборат бўлиб, унинг кучга кириши «икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, туризм, фан ва илмий фаолият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш»га хизмат қилади.
Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қуйидаги визаларни тақдим этади:
- бир томон давлатининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи ишбилармон доиралари вакиллари учун амал қилиш муддати 6 (олти) ойгача бўлган кўп марталик кириш визаси;
- бир томон давлатининг фан ва илмий фаолиятни амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи илмий доиралар вакиллари учун 1 (бир) ойгача амал қиладиган виза;
- бир томон давлатининг турист сифатида, туристлар гуруҳлари таркибида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи фуқаролари учун 30 (ўттиз) кунгача бўлган туристик виза;
Алоҳида ҳолларда, агар қўшимча кўриб чиқиш талаб этилса, виза бериш муддати 10 (ўн) кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Шарҳлар