Ўзбекистон ва Озарбайжон 500 млн долларлик сармоя билан инвестиция жамғармасини ташкил қилиш ҳақида келишув имзолади

Фото: Министерство инвестиций, промышленности и торговли Узбекистана

24 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон минтақалараро форуми бўлиб ўтди, унинг доирасида томонлар устав капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

“Савдо алоқаларини кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида яқин келажакда ҳар икки давлат бозорларига талаб қилинадиган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, мунтазам савдо ва ишбилармонлик миссияларини ўтказиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформаларни шакллантириш режалаштирилган.”, – дейилади хабарда.

Учрашувда Бухоро ва Ленкоран, Хива ва Шуша, Қўқон ва Шеки, Самарқанд ва Ганжа шаҳарлари ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатишга оид қатор муҳим ҳужжатлар, Тошкент ва Боку ўртасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланди.

Тадбир доирасида «B2G» ва «B2B» форматларида иштирокчиларнинг мақсадли учрашувлари ташкил этилди ҳамда Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Форум якунлари бўйича ҳар икки мамлакат минтақавий ривожланишининг устувор тармоқлари бўйича жами 11 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.