Bo'limsiz

Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Транскаспий йўлаги доирасида компания ташкил қилишни муҳокама қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

«Зуғулба» қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг  тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форуми натижасида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари энергетика, машинасозлик, металлургия, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди.

«Ўрта коридор орқали юк ташишни кўпайтириш, логистика ва портлар инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш зарурлиги таъкидланди», – дейилади хабарда.

Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди, шу жумладан Маданият ва кино кунлари, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотларининг учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.

Якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ бердилар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.