Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг активларини қайтариш бўйича битим имзолади

Источник: Минюст

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 16 август куни Берн шаҳрида (Швейцария) Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

«Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млнАҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади», – дейилади хабарда.

Битимни Ўзбекистон Республикаси номидан адлия вазири Русланбек  Давлетов ва Швейцария номидан ушбу мамлакатнинг Президенти Иньяцио Кассис имзолади. Битимни имзолаш маросимида, шунингдек БМТ вакиллари, хусусан БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармаси офиси ижрочи координатори Дж. Топпинг иштирок этди.

«Ушбу битимнинг тузилиши ўтган 2 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ваколатли идоралари ҳамда Швейцариянинг Ташқи ишлар вазирлиги ва манфаатдор вазирликлари билан БМТ иштирокидаги самарали ва натижадор ҳамкорлик, шунингдек, синчковлик билан амалга оширилган ишлар ва бир неча давралардан иборат музокараларнинг натижасидир», – дея қайд этади вазирлик.

Битим ноқонуний орртирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига (тақрибан 1,4 трлн сўм) тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди. Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда:

– очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;

– ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;

– қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;

– Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.

Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилади. Реституция БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармалари тизимига кирувчи “Uzbekistan Vision 2030” кўп-шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.

Жамғарма тегишли функция ва ваколатларга эга бўлган қуйидаги маъмурий-ташкилий тузилмага эга:

Юқори даражадаги стратегик қўмита (Ўзбекистон ва Швейцариядан бир нафардан юқори мартабали вакил) жамғарма фаолияти бўйича стратегик қарорлар қабул қилади.

Бошқарув қўмитаси (Ўзбекистон, Швейцария ва БМТдан бир нафардан вакил) жамғарманинг операцион фаолияти, шу жумладан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тўлиқ консенсус асосида қарорлар қабул қилади.

Бундан ташқари, ташкилий тузилма таркибига жамғарма фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида ва иш ҳақисиз амалга оширадиган Ўзбекистон ва Швейцария фуқаролик жамияти вакилларидан ҳамда халқаро ноҳукумат ташкилотларидан иборат Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши ҳам киради.

Бошқарув қўмитаси томонидан тасдиқланган лойиҳалар БМТнинг Ўзбекистондаги тегишли идоралари томонидан Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилади.

Амалга оширилган ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги барча маълумотлар очиқ эълон қилинади ва кенг жамоатчиликка тақдим этилади.

«Бундай тизим коррупция ва бошқа хавфларни минималлаштиради, шунингдек маблағларни сарфлашда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди. Ушбу битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадамдир», – дея хулоса қилади Адлия вазирлиги.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.