Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорликнинг олти йўналишини белгилаб олди

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.

Биринчиси – инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш.

Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.

Иккинчи йўналиш Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилишга қаратилган.

Шу маънода, музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.

Учинчи устувор йўналиш сифатида илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш белгиланди. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг “яшил” ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тўртинчиси – шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди. Ўзбекистонда инфратузилма ва тармоқ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма Лойиҳалаштириш ва инжиринг марказини ташкил этиш бўйича келишув бу борадаги биринчи қадам бўлди.

Ҳамкорликнинг бешинчи йўналиши доирасида инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Олтинчи йўналиш сифатида давлат раҳбари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш зарурлигини қайд этди.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилди.

Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.