Ўзбекистонда Европа куни нишонланади
4 май куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси Ўзбекистонда Европа Куни – тинчлик ва бирдамлик қадриятларига бағишланган ҳар йилги тадбир бошланишига старт беради. 2023 йилда Европа Куни ҳам Европада, ҳам Ўзбекистонда инсон капиталининг аҳамиятли ўрнига урғу берган ҳолда Европа кўникмалар йили доирасида ўтказилади. Шунингдек, Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллиги ҳам диққат марказида бўлади.
2023 йил – Европа кўникмалар йили касбий ва ижтимоий интеграция ҳамда жамият ривожига йўналтирилган бўлиб, у ёшларни, аёллар ва этник озчиликни, шунингдек экологик ва рақамли жамиятга ўтишни рағбатлантирувчи, инновациялар ва рақобатбардошликни таъминловчи, шунингдек ”Глобал дарвоза” стратегияси доирасидаги ўқув ва тадқиқотчилик фаолияти билан боғлиқ бўлган касбий кўникмаларни назарда тутади.
“Авлодлар ворисийлиги – ўзбек халқаининг фарқли жиҳати. Ўзбекистон халқининг ажойиб «устоз-шогирд» анъанаси авлоддан-авлодга авайлаб сақланиб, бенуқсон ўтиб келади – ёшлар ҳунар ва касбий кўникмаларни ёши катта устозлар қўлида ўрганадилар. Европа Иттифоқи ҳам ушбу тажриба ва билим алмашинуви силсиласига ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунмиз. Биз молиялайдиган лойиҳалар ва дастурларимиз орқали аёллар, ёшлар ва қишлоқ аҳолисини бугунги кунда талабгир бўлибгина қолмай, балки уларнинг янада такомиллашиши ва ривожланишига хизмат ҳам қилувчи касбий кўникмалар билан таъминлаймиз”, – дейди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
Европа Жамоаси ва техник кўмак лойиҳалари билан биргаликда Европа Иттифоқи жамиятнинг ҳар бир аъзосига, унинг ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ўз карьераси ва ўз келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш имконини яратади. Шу тариқа, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси Европа Куни доирасида қатор тадбирлар ташкил этади ва Ўзбекистон аҳолисини Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилаётган имкониятлари тўғрисида кўпроқ хабардор бўлишга таклиф этади:
- 5 майда Европа Куни шарафига Классик мусиқа концерти ўтказилади. Европа Иттифоқи Делегацяиси классик опера ва балет мероси мухлисларини Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет театрига Европа Кунини нишонлашга таклиф этади. Гала-концерт симфоник оркестр, театрнинг етакчи опера, хор ва балет яккахонлари иштирокида бўлиб ўтади. Жаҳон опера классикасининг сара асарлари янграйди, машҳур балетлардан саҳналар ижро этилади.
Концерт бепул, кириш таклифномалар билан.
- 6 май куни Тошкент ботаника боғида «Европа Куни» фестивали ўтказилади. Фестиваль Европа ва Ўзбекистон ўртасида таълим ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг аҳамиятини, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар маданияти ва анъаналарининг турфа хиллигини яққол намойиш этади, шунингдек ҳамкорлик доирасида таклиф этилаётган истиқболларни ўрганиш имконини беради.
Фестивалда «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик», «Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини илгарилатиш учун фуқаролик жамияти, жамоалар ва ҳокимият органларини мустаҳкамлаш», «Самарқанд шаҳрида қаттиқ чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилаш», «Erasmus+ дастури», боғдорчиликни ривожлантириш фаолияти соҳасидаги 35дан ортиқ лойиҳа тақдим этилади.
Шунингдек, фестиваль кенг аудитория учун кўнгилочар дастурга ҳам эга: ўзбек эстрадаси юлдузларининг чиқишлари, турли мавзуларга оид флешмоблар, маҳорат сабоқлари, ижодий ва спорт тадбирлари, шунингдек ташриф буюрувчилар учун рақс майдонлари ўрин олган.
Кириш бепул.
«Европа Куни» ва «Европа кўникмалар йили» тадбирлари тўғрисидаги батафсил маълумотни Европа Иттифоқи Делегацияси сайтларида ҳамда Facebook, Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида топиш мумкин. Европа Иттифоқи Делегациясининг Ўзбекистондаги фаолиятия тўғрисидаги батафсил маълумотни қуйидаги сайтдан олиш мумкин.
Европа куни тўғрисида
Европа Куни – бу Франция ташқи ишлар вазири Роберт Шуманнинг нутқи хотирасига бағишланган – «Шуман декларацияси» имзоланганлигининг ҳар йили нишонланадиган санасидир. Роберт Шуман ўзининг ушбу тарихий нутқини 1950 йил 9 майда сўзлаган ва у Европа Иттифоқининг ташкил этилишига олиб келган. Унинг нутқи Декларацияга айланди, ҳужжат имзоланган сана эса Европада тинчлик ва бирдамликни сақлаб қолишга хизмат қилувчи сана сифатида ҳар йили нишонланади. Ҳозирда Европа Куни барча Европа мамлакатларида, шунингдек ҳамкор мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонда ҳам оммавий нишонланади.
Шарҳлар