Ўзбекистонга почта орқали қиймати 1,5 млрд сўмлик заргарлик буюмлари олиб кирилишининг олди олинди

Источник: "Дунё"

Ўзбекистонда умумий қиймати 1 млрд 593 млн сўмдан ортиқ бўлган (дастлабки ҳисоб-китобларга кўра) заргарлик буюмларининг мамлакат ҳудудига олиб кирилишига чет қўйилди. Бу ҳақда “Дунё” нашри ёзади.

Давлат божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, заргарлик буюмлари учта почта посилкасида топилган. Уларда оғирлиги 665 граммга яқин бўлган 58 та олтиндан ясалган машҳур брендларнинг заргарлик буюмлари ҳамда 26 та қўл соати бўлган.

Қонунбузарлик ҳолати “Бош почтампт” божхона пости ходимлари томонидан хориждан пойтахтда яшайдиган фуқаро номига юборилган посилкаларни кўздан кечириш давомида аниқланган. Ҳужжатларга кўра, почта жўнатмаларида бижутерия ва қўл соатлари бўлиши керак эди, бироқ назорат жўнатмаларда қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмлари борлигини аниқлаган.

Айни пайтда божхона органлари томонидан ушбу ҳолат бўйича  тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жаҳон почта конвенцияси ва миллий қонунчиликка мувофиқ, қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини халқаро почта ва курьерлик хизматлари орқали юбориш тақиқланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.