Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида қишлоқ жойларини ривожлантиришга қарийб $335 млн йўналтирилади

Фото с сайта Kun.uz

18 сентябрь куни Ўзбекистон президенти “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Лойиҳа қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этишга йўналтирилган, деб ёзади “Норма” нашри.

Ҳужжат билан “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини  молиялаштириш учун:

  • Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Директорлар Кенгашининг $200 млн миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарори;
  • ОПЕК Директорлар Кенгашининг ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан $75 млн миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарори маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинади.

Қарзлар беш йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга берилади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Лойиҳани амалга ошириш даврида масъул ижро этувчи органнинг ҳамкори сифатида фаолият кўрсатади.

Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг улуши $59,95 млн миқдоридаги маблағлардан иборат.

Лойиҳа Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та маҳаллаларда амалга оширилади. Уни амалга ошириш даври – 5 йил (2021-2025 йиллар).

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ ва ОПЕК кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.