Жаҳон банки: Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 2022 йилда 5,3% гача секинлашади

Источник: Всемирный банк

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2022 йилда 5,3 фоизгача пасаяди, 2023 йилда эса 4,9 фоизни ташкил этади. Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ логистика (таъминот) қийинчиликларининг кучайиши хусусий истеъмол ўсишини секинлаштиради. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк ваколатхонаси маълум қилади.

Шу билан бирга, хусусий инвестициялар ва экспортнинг барқарор ўсиши кутилмоқда, жорий тўлов балансининг ҳисоби эса яхшиланади, чунки Ўзбекистон жаҳон хомашёсининг юқори нархларидан (олтин, мис, табиий газ) ва меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари кўпайишидан кўпроқ фойда олишда давом этади. 2022 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсиши кутилмайди ва савдо тақчиллиги асосан давлат қарзлари ҳисобидан қопланади.

Хомашё экспортидан тушадиган даромадларнинг ошиши ва секин давлат инвестицион  харажатлари бюджет тақчиллигини 2021 йилдаги ЯИМнинг 6,2 фоизидан 2022 йилда 4,4 фоизгача қисқартиради. Бироқ аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмани ривожлантиришга давлат харажатларининг кўпайиши ҳисобига танқислик 2022 йил учун бюджет кўрсаткичларидан юқори 3 фоиз даражасида бўлади.

2023 йилга мўлжалланган бюджет консолидацияси озиқ-овқат нархларининг ошиши ва Украинадаги уруш оқибатларини юмшатишга жавобан аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш туфайли кечиктирилиши кутилмоқда. Иқтисодиётнинг ўсиши, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг кенгайиши мамлакатда қашшоқликни янада камайтиради. Қашшоқлик даражаси 2023 йилда 14,5 фоизга ва 2024 йилда 12,2 фоизга қисқариши прогноз қилинмоқда. Бироқ келгуси йилларда даромадларни сафарбар қилиш ва сарф-харажатларнинг самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан давлат харажатларини консолидациялаш қайта тикланиши кутилмоқда.

Ҳукумат ўзининг қарз олиш чекловларига риоя қилишда давом этиши кутилмоқда. Шундай қилиб, давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охирига келиб ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич камаяди.

Ушбу прогноз ёмон томонга ўзгариши учун хавфлар орасида Украинадаги узоқ давом этган уруш ва Россияга нисбатан қўлланаётган янги санкциялар, шунингдек, кутилганидан ҳам қаттиқроқ глобал молиявий шароитни кўрсатиш мумкин. Иқтисодий ўзгаришларнинг мураккаб халқаро муҳит таъсирида кучайиб бораётган ушбу мураккаб босқичида ислоҳотларни амалга оширишнинг секинлашиши хавфи мавжуд. Иқтисодиёт учун потенциал ижобий тенденциялар олтин, табиий газ ва мисга жаҳон нархларининг ошишини, шунингдек, ҳукуматнинг таркибий ислоҳотлари натижасида тармоқлар бўйича ҳосилдорликнинг тез ўсишини ўз ичига олган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.