“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили амалиётга тадбиқ этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилишини таъкидлади. Бу хақда Президент матбуот хизмати ҳабар қилмоқда.

Умуман, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.

Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади, деди Президент.

Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак.

Таҳлиллар кўрсатганидек, юртдошларимиз:

мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини;

маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилинишини;

иш ўринлари кўпайиши, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилишини;

адолат таъминланиши, оворагарчилик, бюрократия ва коррупция йўқ бўлишини кутмоқда.

«Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт.

Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифамиз бўлиши керак«, – деди Президент.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.