Жамоат жойларида ибодат либосларида юриш тақиқи бекор қилинди
Президент янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида “ибодат либослари”да юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов бекор бўлмоқда, деб ёзади “UzNews” нашри.
Бунда давлат ташкилотлари ва муассасаларининг кийимларига қўйиладиган талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби соддалаштириляпти. Хусусан, диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда; тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда; рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда; диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда; рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.
Шу билан бирга, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш қонунга хилоф диний фаолият дея баҳоланади.
Бундан ташқари, диний таълимнинг касбий мақоми тан олиняпти. Диний таълим муассасаларига ўқиш учун фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълимидан кейин қабул қилинади.
Бироқ диний фанларни таълим тизими ўқув дастурига киритишга йўл қўйилмайди (диний таълим муассасалари бундан мустасно). Ўзбекистон фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъминланади.
Шарҳлар