Франция ўз элчиси чақирилганидан кейин Россияни қўрқитишда айблади

Фото: iStock

Франция ўз элчисининг Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилишини қоралаб, Москва дипломатик каналлар орқали “қўрқитиш тактикасини” қўллаётганини билдирди. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилади, деб ёзади “Европейская правда”.

Бир кун аввал Россия Парижнинг «провокацион» сиёсатини қоралаш учун Франциянинг Москвадаги элчисини чақирганди. Россия Федерациясининг кескин реакциясига Франция президенти Эмманюэль Макроннинг яқинда Украинага хорижий қўшинларни юбориш имконияти бўйича муҳокамаларни қайта бошлаган баёнотлари сабаб бўлган.

“Франция дипломатик каналлар ахборотни манипуляция қилиш ва қўрқитиш учун яна бир бор қўлланганини таъкидлайди”, — дейилади Франция ТИВ баёнотида.

Департамент таъкидлаганидек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги “яна бир бор масъулиятни Ғарб давлатлари зиммасига юклаб, Россияга қарши таҳдидлар учун уларни айблашга уринмоқда”, бироқ Россия Федерациясининг ўзи Украинага қарши босқинчилик урушини бошлаган бўлиб, Европа давлатларини, хусусан, киберҳужумлар ва гибрид ҳаракатлар орқали беқарорлаштириш мақсадида тажовузкор ҳаракатларни давом эттирмоқда..

“Франция Украинани узоқ муддатда қўллаб-қувватлашда давом этади, чунки у ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини Россия тажовузидан ҳимоя қилмоқда”, — дея таъкидлайди Франция Ташқи ишлар вазирлиги.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.