ЖБ деградацияга учраган ерлар ва ўрмонларни тиклаш учун Ўзбекистонга 142 млн доллар миқдорида кредит ажратди

Источник: unsplash.com

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади. Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастурининг (RESILAND CА+) бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградатсиясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан беш йили имтиёзли давр бўлган молиялаштиришни тақдим этади.

Лойиҳа тадбирларини амалга оширишга траст фондлар томонидан қўшимча молиялаштириш ажратилади: Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик фонди (3 миллион доллар) ва Барқарор ва чидамли ландшафтлар учун глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар).

Ўзбекистон – ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат. Ҳисобларга кўра, улар 3,68 миллион гектарни эгаллайди, бу мамлакатдаги барча ер майдонларининг 8,6 фоизига тўғри келади. Сўнгги 30 йил ичида ўрмонлар майдони чорвачиликнинг назоратсиз ривожланиши, турли соҳаларда фойдаланиш учун ёғочга бўлган талабнинг ортиши ва энергия манбалари жуда тақчил бўлган қишлоқ жойларида ёқилғи сифатида ишлатилиши, шунингдек, ўрмон ҳудудлари ҳисобидан суғориладиган деҳқончиликни кенгайтирилиши ҳисобига камайди. Ўрмонлар деградатсиясига сабаб бўлган яна бир омил иқлим ўзгариши бўлиб, бу ёнғинларнинг кўпайишига, зараркунандалар ҳужумига ва ўрмонларда дарахтлар касалликларининг ошишига олиб келди.

Бугун маъқулланган лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади. Унинг доирасида ҳукуматга инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга оширишда ёрдам кўрсатилади. Дастурнинг устувор йўналишларидан бири мамлакатнинг экологик барқарорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришининг иқтисодиётга ва одамларнинг турмуш тарзига таъсир кўрсатадиган оқибатларига жавоб чораларини кўришга тайёр бўлишдир.

“Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа ҳукуматга 2020-йил октабр ойида қабул қилинган 2030-йилгача Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш консепсияси қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради», – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. «Ерлари деградатсияга учраган ҳудудларда дарахт экиш тадбирлари орқали лойиҳа маҳаллий ландшафтларнинг барқарорлигини ошириш, озиқ-овқат тизимлари, одамлар ва инфратузилмаларнинг маҳсулдорлигини кўтариш ҳамда табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ривожлантириш асосида иш ўринлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ташкил этишга ёрдам беради”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.