«Оливьез» можароси. Бренд ва товар белгисининг эгаси шерикчилик муносабатларидаги “тузоқ” ҳақида
Истеъмолчи муайян марка ёки брендга мансуб маҳсулотни сотиб олар экан, биринчи навбатда, унинг сифати кафолатланганига эътибор беради. Истеъмолчиларнинг ушбу ҳаракатларидан виждонсиз ишлаб чиқарувчилар ҳам фойдаланади, улар таниқли бренддан нусха кўчиради ёки таниқли бренддан ноқонуний фойдаланади, бу истеъмолчилар учун нафақат сифат бўйича умидларнинг чиппакка чиқишини билдиради, балки соғлиқ учун ҳам хавф туғдиради. Давлат учун бренддан ноқонуний ва жазосиз фойдаланиш ёки унга тақлид қилишнинг катта хавфи ҳуқуқий тизимнинг ўз обрўсини йўқотишида, инвестициялар оқимининг тўхташида намоён бўлади, чунки мамлакатда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш даражаси ҳар доим унга киритиладиган инвестицияларга мутаносиб равишда ҳисобланади.
Anhor.uz нашри Legalmax билан ҳамкорликда интеллектуал мулк билан боғлиқ низоларни ёритганди. Бу «Оливьез» савдо белгисининг эгаси Quartlink Holding Limited компанияси ҳақидаги ҳикоя. У бир неча йиллардан бери таниқли бренддан ноқонуний фойдаланиб келаётган ўзбек компанияси билан ўз ҳуқуқлари учун курашиб келмоқда. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга ихтисослашган Legalmax адвокати Александр Лобанов бу воқеани тушунишга ёрдам берди.
2021 йил январь ойида «Оливьез» савдо белгисининг эгаси Quartlink Holding Limited компанияси илгари Ўзбекистонда ҳуқуқ эгасининг рухсати билан лицензия асосида кўрсатилган товар белгиси остида майонез маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган компания билан шартнома муносабатларини давом эттирмасликка қарор қилган.
Ўзбекистон томонининг хатти-ҳаракатлари натижасида «Оливьез» товар белгисининг хорижий эгаси лицензия шартномасида назарда тутилган роялти ҳақини олишни тўхтатади ва шу сабабли унга лицензия шартномасида берилган ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда шартномани бир томонлама тартибда бекор қилади.
Quartlink Holding Limited вазиятни музокаралар йўли билан ҳал қилишга бир неча бор уринди, аммо улар натижа бермади, кейин ҳуқуқ эгаси судга мурожаат қилди, ана шундан кейин бугунги кунгача давом этаётган кўплаб суд муҳокамаси жараёнлари бошланиб кетди.
Материални тайёрлаш пайтига, бу ишлар бошланганидан буён бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, савдо белгисининг эгаси кўп сонли суд инстанцияларидан ўтган ҳолда, ўйлаб топилган баҳоналарга кўра лицензия шартномаси бўйича ҳамон ўз ҳақини ололмаяпти.
Қизиғи шундаки, Интеллектуал мулк агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон компаниясига «Оливьез» товар белгисидан фойдаланишга тақиқ қўйилганига қарамасдан, асл маҳсулотнинг ташқи кўриниши ва номини такрорловчи майонез маҳсулотларини ишлаб чиқариш тўхтамаган. Давлат органларининг кўрсатмалари бажарилмаяпти, бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка ҳам тортилмаяпти
Бунинг устига, икки йилдан буён «Оливьез» товар белгисидан ноқонуний фойдаланиб келаётган, узоқ вақт давомида ҳеч қандай ҳақ тўламай келаётган Ўзбекистон компанияси қайсидир маънода Ўзбекистонда 2008 йилдан буён ҳимояланган белги ваколатли орган томонидан ноқонуний рўйхатга олинган деб ҳисобламоқда ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига (ушбу соҳадаги аризаларни кўриб чиқиш бўйича ваколатли орган) ушбу рўйхатга олинишни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.
“Оливьез” товар белгисининг рўйхатга олиниши ноқонунийлигига сабаблардан бири сифатида Оливьез – бу “оливье” салатининг номларидан бири эканлиги ва у маҳсулотнинг хусусиятларини кўрсатиши ва шу боис товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикр кўрсатилган. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон компаниясининг фикрича, истеъмолчи «Оливьез» майонезини фақат янги йил салатига тенглаштирар экан.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Апелляция кенгаши товар белгиси нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки ўн тўртта давлатда ҳам қонуний рўйхатдан ўтганини тушунган ҳолда, бундай аризани қаноатлантиришдан бош тортди.
Бироқ, хотиржамлик ва ишонч узоққа чўзилмади. Апелляция кенгашининг қарори ва «Оливьез» товар белгисининг рўйхатдан ўтказилиши Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий судининг қарори билан ҳақиқий эмас деб топилди.
Албатта, бундай ҳолат тегишли ҳуқуқий жавобсиз қолиши мумкин эмас эди. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги содир бўлаётган воқеалар юзасидан хавотир билдириб, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига тегишли нотани юборди.
Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ қийинчиликлар суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончга, савдо ва инвестицион жозибадорлик даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Бош прокуратураси ҳам четда тургани йўқ, улар Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига тегишли мурожаатларни юборган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Апелляция кенгаши ҳам Quartlink Holding Limited компанияси билан бир қаторда жавоб реакциясини кўрсатиб, Тошкент шаҳар маъмурий судига апелляция шикоятини тақдим этган.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан хорижий ҳуқуқ эгасини қўллаб-қувватлаш мақсадида биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикоятини келтирган. Низонинг апелляция инстанциясида судья Улуғбек Алмамедов раислигида холис, ҳар томонлама кўриб чиқилиши натижасида биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинди, апелляция шикояти ва апелляция протести қаноатлантирилди.
Аммо, афсуски, вазият равшанлигига ва ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланганига қарамасдан, Ўзбекистон томони ҳамон «Оливьез» товар белгисига бўлган қонуний ҳуқуқларни бекор қилишга ва инвестор томонидан инвестиция қилинган ресурслардан ушбу брендни Ўзбекистонда ўз манфаатлари йўлида тарғиб қилиш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳуқуқига эгаси бўлган компания оппонентдан кассация шикоятини олди, энди суд муҳокамасиЎзбекистон Олий судида ўтказилиши кутилмоқда.
Бундай низолар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар даражасига катта таъсир кўрсатишини ва халқаро эътибор марказида эканлигини ҳисобга олиб, биз ҳуқуқи эгасининг Ўзбекистондаги вакиллари билан келишган ҳолда, воқеалар ривожини кузатиб борамиз ва унинг натижалари ҳақида маълум қиламиз , бу бизнинг ўқувчиларимиз ва Ўзбекистондаги барча бизнес вакиллари учун муҳим.
Лола Исламова
Шарҳлар