«Ўғирликдан қотилликкача» – Тошкент вилоятида хавфли жиноятчига ҳукм чиқарилди

«Ўғирликдан қотилликкача» – Тошкент вилоятида хавфли жиноятчига ҳукм чиқарилди

2013 йил 13 октябрь куни соат тахминан 02.00 да Олмалиқдаги уйлардан бирида учта қиз – Комила, Дилдора ва Дилфуза Имомоваларнинг (исмлар ва фамилиялар ўзгартирилган) жасади топилди. Жасадлар текширилганида, оғир тан жароҳатлари туфайли ҳушидан кетган Дилфуза тирик экани аниқланди, қолган иккита қиз вафот этган эди. 

Тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тезкор ҳаракатлари натижасида жиноятчи Эргаш Абдурасулов экани исботланди.

Маълум бўлишича, Абдурасулов уйга ўғирлик қилиш учун балкон орқали кирган. Жиноятчининг тан олишича, у хонадонда ҳеч ким йўқ деб ўйлаган. Уйда шовқинни эшитган Комила уйғониб, қичқирган. Темир труба билан қуролланган Абдурасулов бир неча марта қизни урган. Уйғониб ёрдамга шошилган иккита қизни ҳам худди шу қисмат кутарди. Жиноятни содир этган Абдурасулов 2 та уяли алоқа телефони, 2 та тилла узук ва бир жуфт зиракни ўзи билан олиб, хонадондан келган йўли билан чиқиб кетади.  

Эргаш Абдурасулов ҳибсга олинганидан кейин сўроқ жараёнида турли вақтларда Тошкент вилоятида содир этилган бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги аниқланди. Хусусан, уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) томонидан содир этилган бир нечта жиноят ҳақида маълум бўлди. 

2010 йили 18 ёшли Эргаш Абдурасулов танишлари Б.Эшмуродов, П.Алиев, Ш.Абдурашидов, О.Хуррамов ва Б.Мўминов билан бирга “Орзу-обод маскани” ғишт фабрикасидан 230 00 сўмлик қурилиш материалларини ўғирлаган. Худди шу пайтда, ўзининг илк жиноятидан кейин, Эргашнинг тан олишича, “зўр режа”ни ўйлаб, унга тайёргарлик кўра бошлаган. 

3 йилдан сўнг, 2013 йили “режа тайёр эди”. У ўзининг атрофига 16 та ёш йигитни тўплайди. Эргаш босқинчилик билан, хусусан, уй чорвасини ўғирлаш ва сотиш билан шуғулланишга қарор қилади. У 16 нафар кишини айнан шунинг учун тўплаган эди. Бу одамларнинг ярми ўмарилиши керак бўлган  уйларни кузатади, иккинчи ярми эса ўғирланган мулкни сотиш билан шуғулланади.

2013 йил февралида УЖГ аъзолари Бўка туманининг Кўкаро қишлоғида “Гулистон” фермер хўжалигининг яйловидан 7 та қўйни ўғирлайди. Натижада қўйларнинг эгаси бўлган фуқаро Акрам Худойназаров 3,5 млн.сўм зарар кўради. Қўйлар Ангрендаги чорва бозорида сотилади.

2013 йил апрелида УЖГ аъзолари Пскент туманининг Муротали қишлоғидаги “Зоҳиджон Каримов” фермер хўжалиги ҳудудидан фуқаро А.Рўзиевга тегишли бўлган 2 та сигирни ўмаради. Сигирлар 2 миллион 750 минг сўмга сотилади.

Худди шу ойда УЖГ аъзолари фуқаро С.Жалановнинг қиймати 5 миллион сўмлик 2 та сигирини, фуқаро Н.Бекмуротовнинг қиймати 900 000 сўмлик 1 та сигирини ўғирлайди. Ўғирланган чорва Ангрен шаҳридаги ўша бозорда сотилади.

2013 йил майида УЖГ аъзолари Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Х.Ғозибековнинг уйига киради ва у ердан Damas автомобилида 9 та қўйни олиб кетади. Чорва хўжайини 3 миллион сўмлик зарар кўради.

Худди шу йили УЖГ аъзолари томонидан яна 8 та шундай жиноят содир этилади, улардан бирида жиноятчилар ўзлари билан қиймати 100 000 сўмлик велосипедни ҳам олиб кетади.

Жиноятчилар уйда ёки яқин-орада одамлар бўлгани учун 3 та ҳолатда ўз режасидан воз кечгани маълум қилинади. УЖГ бошлиғи Эргаш Абдурасуловнинг тан олишича, одамларни ўлдириш уларнинг режасига кирмаган, улар чорвани бу ҳақиқатан ҳам хавфсиз бўлган пайтда ўғирлаган.

Вилоятда номаълум шахслар чорва ўғирлаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалганидан кейин одамлар ўз мулкига эътиборлироқ бўла бошлаган, бунинг устига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хавфсизлик чораларини кучайтирган. Бир нечта муваффақиятсиз уринишдан кейин УЖГ аъзолари ўз мақсадини ўзгартиришга қарор қилади ва 2013 йил октябрида Олмалиқ шаҳридаги озиқ-овқат дўконларидан бирига кириб, у ердан умумий қиймати 4 млн 200 минг сўмлик пул ва молларни ўмаради.

Эргаш буларнинг ҳаммасини тергов остида гапириб берди. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари тезкор тартибда УЖГнинг барча аъзоларини қўлга олди. Эргаш Абдурасуловнинг ўзи суд томонидан 22 йилга озодликдан маҳрум этилди, бошқа жиноятчиларга ҳам тегишли жазо тайинланди.  

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Huquq газетаси материаллари бўйича  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.