Валерий Тян: МАКга қаратилган ҳар бир шикоят раҳбарият томонидан шахсан кўриб чиқилади
«Ўзбекистон ҳаво йўллари»га қаратилган ҳар бир шикоят МАК бош директори ва раҳбарияти томонидан шахсан кўриб чиқилади. Бу ҳақда Миллий авиакомпания раҳбари Валерий Тян маълум қилди. 28 июнь куни унинг ташаббуси билан МАК раҳбариятининг қатор интернет нашрлари муҳаррирлари билан учрашуви ўтказилди.
Мазкур учрашув Тошкент-Нукус авиарейсига чипталар сотиш билан боғлиқ 26 июнь кунги вазиятга изоҳ бериш учун ташкил этилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеа мазкур рейс йўловчиларидан бири Илҳом Саймановнинг ФБ ижтимоий тармоғидаги ғазабли шикоятидан бошланган эди.
Воқеани текшириш учун авиакомпания ходимлари пост муаллифи Илҳом Сайманов билан боғланди. Журналистларга унинг МАК бош директори Валерий Тянга қаратилган ёзма мурожаати тақдим этилди. Унда Илҳом Сайманов Қорақалпоғистоннинг Тошкентдаги ваколатхонаси бронидан фойдаланган ҳолда Тошкентдаги Марказий авиакассадан устама тўламасдан авиачипта сотиб олганини қайд этади. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги постида йўловчиларнинг шикоятини баён этганини, бироқ уларнинг чипталарни устама пул билан сотиб олганини исботловчи далиллар йўқлигини ҳамда унинг пости бундай шов-шув келтириб чиқаришини кутмаганини тан олади.
Илҳом Сайманов ҳис-туйғуларга берилиб кетиб, шу нарсаларни ёзганидан афсус эканини ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига нисбатан эътирози йўқлигини билдирди.
Шунингдек МАК раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда Саймановга чипта сотган кассир ва Қорақалпоғистоннинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими ҳам иштирок этиб, улар айрим ОАВнинг коррупция ҳақидаги айбловлари асоссиз эканини таъкидлаб ўтишди.
МАК тижорат директори Дилшод Йўлдошевнинг сўзларига кўра, бу борада ўтказилган ички текширув ишлари давомида шу рейс билан учган 23 та йўловчининг барчаси (телефон орқали) сўровдан ўтказилган. Улар чипталарни белгиланган тартибда харид қилган бўлиб, миллий авиаташувчига нисбатан ҳеч қандай эътирозга эга эмас. “Айрим ОАВнинг МАКга қарата билдирган айбловлари тасдиқланмади ва асоссиз бўлиб чиқди”, – дейди Дилшод Йўлдошев.
Компания бош директори Валерий Тяннинг изоҳ беришича, ҳар бир рейс учун брон жойларини ушлаб туришга мажбур эканликларини, улар рейсдан икки соат олдин олиб ташланишини айтди. Мазкур рейсга брон жойлари 16 та ўринни ташкил этган.
Бундан ташқари, Ил-114 самолёти ташиладиган юк тоннажи бўйича технологик чекловларга эга бўлиб, улар ҳаво ҳароратига боғлиқ.
Тошкент-Нукус рейси куни ва вақтига юклаш учун рухсат этилган юкнинг оғирлиги 4 тоннани ташкил этган. Бу ўртача 40 та йўловчини англатади. Шунингдек мазкур рейс билан учиши керак бўлган олтита йўловчи ҳам келмаган, бронланган жойларнинг бир қисми сотилмаган ва шу тариқа бортда фақат 24 та йўловчи бўлган.
Валерий Тян матбуот билан мулоқот қилиш учун очиқ эканини таъкидлади ва МАК ҳақидаги барча ахборот унинг расмий сайтида жойлаштирилишини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, авиакомпаниянинг Ягона ишонч телефони ҳам ишламоқда: (+998 71) 120 47 70.
Шарҳлар