Тошкентда БМТТД ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик вазирлигининг ҳамкорликдаги тренинги бўлиб ўтди

Источник: ПРООН

Шу йилнинг 19-20 август кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳамкорликдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш” (EU-AGRIN) лойиҳаси доирасида ўқув семинари ўтказилди.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад Тошкент, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида шакллантирилган 13 та инновацион гуруҳлар фаолиятини ривожлантириш, илмий-тадқиқотлар асосида лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уни молиялаштиришдан иборатдир.

Семинарда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг вилоятлардаги илмий-тажриба станциялари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги агрохизматлар марказлари, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ўрта-махсус таълим муассасалари ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этмоқда.

БМТТД лойиҳасининг миллий координатори Улуғбек Исламовнинг айтишича, Инновацион гуруҳларнинг асосий мақсади, қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш ҳамда мавжуд муаммоларни илм-фан, тадқиқот, хизмат кўрсатиш тизими ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция орқали бартараф этишдан иборат.

Таъкидлаш лозим, “Инновацион гуруҳлар” қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиб, унинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган илмий-амалий ечимга эга инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Ушбу гуруҳ таркиби фермер, деҳқон хўжаликлари, тадқиқотчи, агробизнес вакиллари, тадбиркорлар ва ташкилот вакилларидан иборат бўлиши мумкин. Улар турли муаммо ва камчиликларни жамоавий тадқиқотлар олиб бориш орқали бартараф этишга қаратилган инновацион ечим ва ёндашувдан иборат лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга оширадилар.

Тадбирда шунингдек, озиқ-овқатлар етиштиришда халқаро стандартларни жорий этишнинг аҳамияти, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашишнинг долзарб масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, сунъий йўлдош маълумотлари асосида қишлоқ хўжалиги майдонларидан унумли фойдаланиш мавзуларида экспертлар томонидан тақдимотлар ўтказилди.

“Инновацион гуруҳлар”га «EU-AGRIN» лойиҳаси томонидан тақдим этиладиган грант маблағларига эга бўлиш мезон ва шартлари ҳақида маълумотлар берилди.

Сўнгра 13 та инновацион гуруҳ вакиллари томонидан грант маблағлари учун лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш бўйича амалий машғулотлар олиб борилди. Ҳар бир гуруҳ ўз йўналиши бўйича амалга оширадиган чора-тадбирлари ҳамда амалда жорий этиладиган инновацион ғоялари акс этган лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқди.

Тадбир якунида 13 та инновацион гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти қатнашувчилар томонидан муҳокама қилинди. Ҳар бир лойиҳанинг фаолияти давомида учраши мумкин бўлган тўсиқлари, муаммо ва камчиликларини бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар, қўшимча таклиф ва тавсиялар билдирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.