Жарималар ҳақида жиддий
Тошкентда видеомониторинг тизимининг жорий этилиши чорраҳалардаги вазиятни сезиларли даражада тартибга солди, йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари сонини ўртача тўрт бараварга камайтирди. Рақамлар тилидан ўгирадиган бўлсак, видеомониторинг кўплаб йўл ҳаракати иштирокчиларининг мулки, соғлиғи, баъзида эса ҳаётини сақлаб қолди.
Ушбу экспериментнинг ижобий томонлари шундай яққол-ки, ҳатто йўл қоидаларини бузиш ҳолатларининг видеофиксация тизимини жорий этиш бўйича Тошкент тажрибасини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Бироқ, ЙҲҚга амал қилинишини электрон кузатиш тизимининг ижобий томонлари билан бирга ҳайдовчиларнинг норозилигини келтириб чиқараётган камчиликлари борлиги ҳам маълум бўлди.
Таҳририятимизга ЙҲҚни бузишнинг айрим турлари нотўғри квалификацияланаётгани ҳақидаги фуқароларнинг мурожаатлари келиб туша бошлади. Масалан, видеокамера автомобилнинг қизил чироқ ёниб турган пайтда стоп-чизиқдан ўтиб кетганини, бироқ у тўхтаганини қайд этган, яъни ҳайдовчи светофорнинг қизил сигналида чорраҳани кесиб ўтмаган.
Аммо фото ва видеоёзувларни кўриб чиқиб, уларни расмийлаштирадиган ЙҲХДХ инспекторлари бундай ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 128-4 моддаси таркиби бўйича баённома расмийлаштирган. Унда шундай дейилади: 1284 -модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай қилиб, автомобиль ҳайдовчиси 300 минг сўмга яқин жаримага тортилади.
Бироқ аслида автомобиль светофорнинг қизил чироғи ёниб турганида чорраҳани кесиб ўтмаган, балки бор-йўғи стоп-чизиқдан ўтиб тўхтаган, яъни ҳайдовчи чорраҳага чиқиб, авария ҳолатини ёки пиёдаларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи вазиятларни келтириб чиқармаган.
ЙҲҚнинг бундай турини бузганлик учун жазо МЖтКнинг “Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги” ҳақидаги 128-моддасида кўзда тутилган. Ушбу модда бўйича санкциялар бироз бошқача экани эътиборни тортади: Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги (ушбу Кодекснинг 128-3, 128-5, 128-6 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно)… – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бу ҳолда жарима миқдори 70 минг сўмга яқинни ташкил этади, яъни бу олдингисидан тўрт баравар кам.
Бу ерда айрим ҳайдовчилар,айниқса чап қатордагилари, кўп ҳолларда кейинги автомобиль ўтиб кетишига йўл бермаган ҳолда халақит беришларини назарда тутиш керак. Сариқ ёки қизил чироқ ёнади, автомобиль ҳатто чорраҳага чиқмасдан тўхтайди, бироқ стоп-чизиқдан бироз ўтади. Шундай қилиб, қасддан қилинмаган ушбу ҳаракат расмий тарзда 128-модда таъсири остига тушади. Аммо инспекторлар уни оғирроқ 128-4-моддада кўзда тутилган вазият сифатида квалификациялайди.
Бошқа мунозарали вазиятлар ҳам мавжуд. Масалан, айрим фотосуратларда автомобиль ўчириб ташланмаган эски стоп-чизиқдан ўтган, аммо янгисидан ўтмаган. Бироқ инспекторлар бундай фактларга ҳам қоидабузарлик сифатида қарайди. Ҳолбуки бундай вазиятда, яъни эски ва янги стоп-чизиқлар мавжуд бўлганида, ҳайдовчи адашиши, МЖтК бўйича барча шубҳалар эса, айбсизлик презумпцияси бўйича айланувчининг, яъни ҳайдовчининг фойдасига изоҳланиши керак.
Мамлакат президенти бир неча бор амалдорларнинг расмиятчилигига, одамларга нисбатан лоқайдлигига эътибор қаратган. У бу борада айниқса суд тизимини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини қаттиқ танқид остига олганди.
Биз қодабузарликларни кечиришга ёки жарималарни бекор қилишга чақирмаяпмиз. Биз қонунга шубҳасиз амал қилиш кераклиги, жиноятга жазо эса муқаррар деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга жазо, санкциялар, жарималар қоидабузарликларга мутаносиб равишда бўлиши керак. Бу нафақат ҳайдовчиларнинг интизомга амал қилиш даражасини оширади, ЙТҲ сонини камайтиради, балки видеомониторинг тизимига, инспекторларнинг ва иш судгача етганида судларнинг фаолиятига бўлган ишончни ҳам оширади.
Ҳуқуқий давлатда молиявий манфаатлар қонун талабларидан юқори бўлолмайди, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса ЙҲҚ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни малакалашга эътиборлироқ ёндашади ва ҳайдовчиларга нисбатан қўлланадиган санкцияларни аниқроқ белгилайди.
Айнан мана шу суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва гуманизациялаш қарорлар ва чақириқлар босқичидан амалда қўлланиш босқичига ўтганини намойиш этади.
Шарҳлар