Anhor.uz мақоласидан кейин автобусдаги ўринлар сони кўрсатилган лавҳа ўзгартирилди
Шаҳар транспорти ногиронларнинг эҳтиёжларига мослашмагани ҳақидаги мақоламиздан сўнг Mercedes Benz русумли автобуслардаги ўринлар сони кўрсатилган лавҳалар ўзгартирилди, хусусан, улардаги “0” рақами ўрнига скотч билан “1” рақами ёзилган қоғоз ёпиштирилди.
Демак, ногиронлар учун битта жой ажратилди. Anhor.uz мухбирининг ўша жой қаерда деган саволига кондуктор жавоб беришга қийналди. Бироқ бу автобус марказидаги майдонча экани ҳақиқатга яқинроқ.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Навоий театри ёнидаги боғда ўтирадиган жойлар йўқлиги ҳақидаги мақоламиз чиққанидан кейин, у ерга янги скамейкалар ўрнатилди. Муаллифларимиздан бири бўлган Аъло Хўжаевнинг метродаги реклама ҳақидаги мақоласи 1 апрелда жойлаштирилган бўлса, метрога рекламани қайтариш тўғрисидаги қарор 10 кундан сўнг қабул қилинди. Булар шунчаки тасодиф эмаслигига ишонгимиз келяпти.
Шарҳлар