Очиш мумкин эмас, эътиборга олинмасин

Тошкентдаги «Дамаши» канали соҳили Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридан оқиб ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ реконструкция қилиниши керак эди. Қарорга биноан канални реконструкция қилиш ишларига республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 8,8 млрд сўм йўналтирилиши лозим эди.

Сал кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги лойиҳа Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий Ижро бюросини ривожлантириш фондининг маблағлари ва ҳомийлик сармоялари ҳисобидан амалга оширилганини маълум қилди. Реконструкция ишларига 17 млрд сўм йўналтирилди ва бу “лойиҳани бюджет маблағларини сарфламасдан амалга ошириш имконини берди”.

Anhor.uz таҳририяти шаҳар ҳокимлигига боғни реконструкция қилиш учун МИБни ривожлантириш фонди маблағлари қандай асосда сарфлангани ва давлат ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари қаерга йўналтириши ҳақида сўров юборди.
 
Ҳокимлик ўз жавобида маблағлар сарфланмаганини, ушбу тежаб қолинган пуллар Вазирлар Маҳкамасининг каналларни ободонлаштириш бўйича қарорида кўзда тутилган бошқа тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш режалаштирилганини маълум қилди.
 
Реконструкция ишларига МИБни ривожлантириш фонди маблағлари қандай асосда сарфлангани ҳақидаги саволга ҳокимликдагилар ушбу савол хизмат юзасидан фойдаланиладиган (ХЮФ) ахборотлар сирасига киришини маълум қилишади. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги фармойишига 1-илованинг 9.10-бандига мувофиқ ХЮФ белгиси қўйилган ҳужжатлардаги маълумотлар ошкор этилмайди.
 
Бунда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 17-моддасига кўра бюджетлар жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак. Кодекснинг очиқлик тамойили шундай дейди: Давлат бюджетини ва давлат мақсадли фондларининг бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиб-таомиллари жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлиши керак.
 
Шунингдек “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бюджети ҳақидаги маълумотларни чоп этишни белгилайди.
 
Давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги коррупциянинг қисқаришига кўмаклашади, бюджет маблағлари сарфланишининг назорат қилинишини, давлат бошқаруви органларининг ҳисобдорлигини ва мамлакатнинг инвестицион мафтункорлигини таъминлайди.
 
Бундан ташқари таҳририят канални реконструкция қилишга тендер ўтказилган-ўтказилмагани, у қачон ўтказилгани ва тендерда яна кимлар қатнашгани ҳақидаги маълумотларни ҳам сўради. Ушбу саволга жавобда ҳокимлик яна Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги фармойишига асосланиб, ушбу ахборот хизмат юзасидан фойдаланиладиган ахборотлар сирасига киришини қайд этади.
 
Маълумотларга кўра, “Дамаши” каналини реконструкция қилиш ишларида Prime tower group компанияси лойиҳа таъсисчиси сифатида қатнашган. Бу ҳақдаги маълумотни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз сайтида чоп этган. Айни пайтда ҳокимлик сайти янги доменга ўтказилмоқда, лекин соҳилбўйини реконструкция қилиш ҳақидаги ахборот кэшда мавжуд.

Қайд этиб ўтамиз, Prime tower group компанияси президент мактабларини қуриш ҳамда Tashkent City мажмуида бир нечта лотларни барпо этиш билан шуғулланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.