Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “Дорихона” гиёҳвандлигидан фақат суд қарори бўйича мажбурий даволаниш мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “Дорихона” гиёҳвандлигидан фақат суд қарори бўйича мажбурий даволаниш мумкин

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳририят сўровига жавобан “дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қилувчи одамларни мажбурий даволаш мумкинлиги ёки йўқлиги ва бундай моддаларни истеъмол қиладиган одамлар 2 йил яшаши ҳақидаги гаплар тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида гапириб берди.

– “Дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қилувчи кишини ушбу иллатдан стационарда мажбуран даволаш мумкинми?
– Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ гиёҳвандни наркологик стационарга жойлаштириш учун 14 ёшдан бошлаб фуқаронинг ўзининг розилигини олиш зарур. 14 ёшга тўлмаган болалар учун розиликни ота-онаси ёки боланинг ваколатли вакиллари бериши керак. Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Наркотик воситалар ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни асосида фуқароларнинг илтимосига кўра даволаш ишларининг анонимлиги таъминланади. Ихтисослашган наркология бўлимларида мажбурий даволаш ишлари фақат кўнгилли равишда даволанишни рад этиб, жамоат тартибини бузадиган ва атрофдагиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган гиёҳвандларга нисбатан  суд қарори билангина амалга оширилади.

– “Дорихона” гиёҳвандлигидан даволаниш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
– Гиёҳвандликдан, шу жумладан “дорихона” гиёҳвандлигидан даволаниш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика наркология марказига, яшаш жойи бўйича вилоят ёки шаҳар наркология диспансерига, қишлоқда яшайдиган фуқаро эса туман кўп профилли тиббий бирлашмасининг наркология кабинетига мурожаат қилиши мумкин.

– Киши “дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қилаётганини қай тарзда ва қаерда текшириш мумкин? Бу борада бирор-бир тест ёки таҳлиллар борми?
– Гиёҳванд моддалар истеъмол қилинишини аниқлаш учун организмдаги биологик муҳитларнинг (қон, пешоб, сўлак) кимёвий-токсикологик тадқиқоти зарур. У махсус кимёвий-токсикологик лабораторияларда ўтказилади. Ўзбекистон фуқароси гиёҳванд моддалар билан маст ҳолда автомобиль ҳайдаганликда гумон қилинса, унинг пешоби тадқиқот учун суд экспертизаси бюросининг кимёвий-токсикологик лабораториясига юборилади. Бундан ташқари, пешобда гиёҳванд моддалар бор-йўқлигининг дастлабки экспресс-диагностикасини ўтказиш учун кўпгина мамлакатларда бир марта қўлланадиган биокимёвий тест-тизимлар (тест-тасмалар) ишлаб чиқарилади. Одатда ҳар бир тасма гиёҳванд модданинг битта турини аниқлашга ёки бир вақтнинг ўзида психоактив моддаларнинг бир нечта турини аниқлашга мўлжалланган. Ўзбекистон Республикасида қўлланадиган “дорихона” гиёҳванд моддаларига тўхталадиган бўлсак, ушбу моддаларни одам организмида аниқлаш учун экспресс-тестлар Хитойда ишлаб чиқарилади.  
Айтиш жоизки, пешобда “дорихона” гиёҳванд моддасининг аниқланиши ҳали гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш мавжудлигига ишора қилмайди. Шу боис ушбу моддаларни қабул қилишга гумон мавжуд бўлганида наркология муассасасига мурожаат қилган маъқул, у ерда мутахассис нафақат гиёҳванд моддалар истеъмолини аниқлаши ва буни тўхтатиши, балки гиёҳванд моддага тобелик ташҳисини қўйиши ва зарур ёрдамни кўрсатиши мумкин.

– “Дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қиладиган киши атрофдагилар учун қандай таҳдид туғдириши мумкин?
– Айрим “дорихона” гиёҳванд моддаларини, айниқса рағбатлантирувчи ёки галлюциноген таъсирга эга моддаларни истеъмол қилганда, алаҳлаш, галлюцинациялар, онг бузилиши билан кечадиган психозлар юзага келиши мумкин. Психоз даврида беморнинг руҳий ҳолати ва унинг атрофда юз бераётган воқеаларга муносабати атрофдагиларга қарши қаратилган агрессив ҳаракатлар пайдо бўлиши эҳтимоли билан кескин ўзгаради. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар “дорихона” гиёҳванд моддаларининг таъсири остида автотранспорт воситаларини бошқариши мумкин, бу йўл-транспорт ҳодисалари хавфини оширади. Гиёҳванд моддалар истеъмоли муносабати билан ҳуқуқбузарликлар, бахтсиз ҳодисалар хавфи ошади, уларда одамлар жабрланиши мумкин.
 
 “Дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қиладиган киши икки йилга яқин умр кўради, дейишади. Шу ростми? 
– Ҳар қандай гиёҳванд моддани суиистеъмол қилиш ҳаётни қисқартириши яхши маълум. Бироқ “дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қиладиганларнинг ўртача яшаш даври ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Гиёҳванд моддаларни суистеъмол қилишнинг дастлабки йилларида истеъмолчилар кўп ҳолларда дозани ошириб юборишдан нобуд бўлади, кейинги йилларда эса ҳаётий муҳим ички органларнинг токсик зарарланиши ва йўлдош касалликлардан кўз юмади.
 
– Оиламиз аъзоси ёки танишимиз “дорихона” гиёҳванд моддаларини истеъмол қилаётганини қандай билиб олиш мумкин?
Қуйидагилар гиёҳванд моддалар истеъмолининг белгилари ҳисобланади:
– сабабсиз асабий қўзғалиш ва ланжлик, юқори даражадаги ишлаш қобилияти ва тўлиқ пассивлик, фаолиятсизлик даврларининг алмашиб туриши;
– кайфиятнинг тез-тез ва кескин ўзгариши;
– бу кишига хос бўлмаган реакциялар: аччиқланиш, тажовузкорлик ёки ҳаддан ташқари ўзини эркин тутиш, сўзамоллик;
– диққатни жамлашдаги қийинчиликлар, тез-тез чарчаб қолиш, хотира ва зеҳннинг ёмонлашиши, тушунарсиз нутқ, танқидга оғриқли реакция билдириш;
– жисмоний ҳолатдаги ўзгаришлар: терининг қизариши ёки оқариб кетиши, қорачиқларнинг кенгайиши ёки торайиши, кўзларнинг қизариши ёки “хиралашиши”, ҳаракатларнинг тартибсизлиги (гандираклашлар ёки юрганда қоқилиб кетишлар), озиб кетиш, иштаҳа йўқолиши ёки ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш, хос бўлмаган уйқуга кетиш ҳолатлари.

Тиббий бўлмаган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг яққол белгиларига қуйидагилар киради:
– қандайдир таблеткалар, уйқу ёки тинчлантирувчи таъсирга эга дорилар, ампулалар, капсулалар, шишачалар ва дори препаратлари бошқа шаклларининг топилиши;
– инъекциялар учун бирор-бир мосламалар – шпирицлар, ниналар, жгутларнинг топилиши ҳамда терида ва томирларда инъекция излари, кесилган жойлар, кўкарган жойлар, веналарнинг қаттиқлашгани аниқланиши;
– сигарет пачкаларидан папирослар, қоғоз трубкачалар, ғижимланган фольга, тушунарсиз кукун, қуритилган гиёҳнинг топилиши;
– у ёки бу кимёвий моддалар – эритмалар, реактивларнинг топилиши.
 
Бундан олдин Россия бош наркологи Ўзбекистондаги “дорихона” гиёҳванд моддалари муаммосига изоҳ берганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.