Ўтмишга бошлаётган йўл…
Мен учун Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг янги тарихи бир хокимнинг Баходир Жалоловнинг «Шарқ ва Ғарб учрашуви» фрескасини бўяб ташлаш («кийинтириш») буйруғидан бошланади. Расмий доираларнинг ушбу кишини ғазаблантирадиган, ўз мазмунида толибларнинг Бомиёндаги ҳайкалларни портлатишлари ёки Пальмира музейидаги артефактларни ваҳшийларча яксон қилишдан фарқи йўқ жаҳолат актига муносабат билдирмаганлиги Ўзбекистон маданияти учун ниҳоят салбий роль ўйнади. Айтганча, Қўқондаги вандализм ҳақидаги мақоладан сўнг, Ўзбекистон маданият вазирлиги Баҳодир Жалоловнинг фрескасини тиклаш учун маблағ топишга ваъда берган эди, рассомнинг ўзи эса театрдаги фрескани тиклашга тайёргарлик билдирган эди. Бироқ, бу масала ваъдадан нарига ўтмади, ҳеч ким кейинчалик уста билан боғланмади.
Ноёб фреска, эҳтимол, унутилишга маҳкумдир. Ёки амалдорларнинг маданияти йўқлиги далили сифатида суқут сақловчи эслатма сифатида қолаверади.
Жамиятнинг шундай хусусияти мавжудки, баъзи ҳаракатлар учун санкциялар қўлланилмаса, у ҳолатни, агар маъқуллаш бўлмаса, ҳеч бўлмаса индамас розилик сифатида тушунади. Шунинг учун, менимча, бу диний бўлмаган умумбашарий маданиятга ҳужум қилишга бўлган сигнал сифатида қабул қилинди.
Бошланган ҳаракатлар кучайди ва объектив кузатувчи дунёвий кийимни ҳижобга алмаштирган қизлар ва аёллар сонинг кескин кўпайганини таъкидлаши мумкин, ваҳоланки бу деярли ҳеч қачон Ўзбекистонлик аёлларнинг кийими бўлмаган. Албатта оналаримиз, бувиларимиз рўмол ўраган, бироқ ҳижобда юрмаганлар.
Диний марказлар бўлган Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Тошкент каби катта шаҳарларда аёлларни паранжига беркитган даврлар ҳам бўлган. Бироқ, аҳолининг катта қисми, айниқса қишлоқдаги аёллар уни киймаган, юмушлар, дала меҳнати бунга тўғри келмаган.
Anhor.uz ҳали бундан икки йил илгари «… Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас» деган Конституциянинг 10 моддасини ва «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин» деган 29 моддасини ёдда тутиш ва ҳурмат қилишга даъват қилган.
Бироқ, миллий менталитет тўғрисидаги шубҳали мулоҳазалар юритиш ниқоби остида диний чекловларга асосланган таъқиқлар жамиятга кириб келаётганини тез-тез кузатиш мумкин. Шахсий эркинлик ҳисси нозик ва сезгир нарсадир. Одамнинг пайпоғини узунаси, сочини турмаги, ихтимоий тармоқларни ҳуш кўриши ёки тунги клубларга бориши асосида одам тўғрисида ҳулоса чиқариш, юмшоқ қилиб айтганда калтабинлик ва муаммога ўта юзаки ёндошишдан далолат беради. Қонун устиворлиги эълон қилинган давлатда ҳеч кимнинг бошқа бир одамни, билмай туриб айиблашга ҳаққи йўқ. Бундай ёндашув жамиятни бирлаштирмайди, балки ўзаро бегоналашувни вужудга келтиради. Келинг, қанча ижодкор истеъдод эгалари Ўзбекистонни тарк этиб, бошқа давлатларда ўз истеъдодларини тўла рўёбга чиқарганларини эслайлик.
Объектив таҳлил шуни кўрсатадики, юқори лавозимлардаги раҳбарларнинг аёллар ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги расмий баёнотлари, Конституцияга риоя қилиш зарурати ва жамият ҳаётининг тубида содир бўлаётган жараёнлар ўртасидаги тобора кучайиб бораётган, аммо ҳали юзага жўшиб чиқмаган зиддиятлар мавжуд.
Қандайдир домланинг аёлларни амалда изоляция қилишга олиб келувчи маърузалари қанча лайкларни йиғаётганини карангчи. Унинг фикрига кўра, аёлнинг тақдири учун жавобгарлик бутунлай фақат эркакнинг зиммасида. Агар у замонавий кийинган бўлса, унда бу, домланинг нуқтаи назарида, ҳақоратомуз йўсинда «очик-сочик» деб номланармуш ва эркак «ўз» аёлини «умумий кўргазмага» қўйганига ишора қилинади ва гап бу аёл «енгил табиатли» деган тушунчага очиқдан очиқ олиб келинмоқда!
Менинг фикримча, бу Ўзбекистоннинг аёлларининг аксарият қисми учун ҳақоратлидир. Улар ўзларининг оналик каби муқаддас, уй ўчоғи сақловчи бурчларини муносиб бажармоқдалар, кўплари ўз касбларининг пешқадамлари бўлиб, Ўзбекистоннинг гуллаб яшнашига салмоқли ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Жамиятнинг диний жиҳатдан жоҳил қисмининг оммавий онгига босим ўтказишнинг яна бир усулини кузатиш мумкин. Масалан, ZVEZDA VIDEO телеграм канали чоп этган видеода кўчада бир йигит ўтиб кетаётганларни тўхтатиб, уларнинг мусулмон эканликлари тўғрисида диний гувоҳлик беришни Қуъон тилида келтиришни сўрайди, ва буни деярли ҳеч ким билмайди… Еки монтаж пайтида билмаганлар тўғрисидаги кадрларни қолдирганми…. Видео тагига: «Изоҳ сизлардан. Одамлар Исломдан узоқлашганда шундай бўлади», деган ёзув битилган. Бу одамларга нисбатан психологик зўравонлик деб қаралиши даркор, худдики бу уларнинг қандайдир диний оятларни билмаслиги уларнинг шахсиятидаги нуқсондай кўрсатилган. Бу Конституциянинг 31 моддасини қўпол равишда бузиб, динга мажбурлаш учун одамларда қандайдир камсуқликни уйғотишга уринишдан бошқа нарса эмас.
Агар йигит ўз бева онасини у «бошқа эркаклар билан» гаплашгани учун сўйиб улдиргани ёки бошқа бир йигит ўз синглисини суратини Инстаграмда кўриб, пичоқлаб ўлдирган каби фактлар бўлмаганида, эътибор бермаслик мумкин эди. Ўйлайманки, ҳар бир одам шундай безовта қилувчи фактларни кўпларини келтириши мумкин. Шахсан менинг фикримча, бу диний ақидапарастлар томонидан сингдирилаётган тафаккур тарзининг оқибатлари, жимгина бостириб келаётган диний экстремизмнинг аниқ белгилари. Наҳотки, она ёки сингил ўғилнинг ёки аканинг шахсий мулки бўлса?
Давлат, унинг расмий равишда мавжуд бўлган турли тузилмалари ҳали ҳам асосан муваффақиятли бўлган, мактаб, коллеж ва олий ўқув муассасаларида ўқийдиган ёшлар билан машғул, бироқ муаммоли бўлган ёшларинг асосий қисми уларнинг эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Шу эътибордан четда қолиб кетган ёшлар кўп ҳолларда турли хил, баъзан муқаддас Китобларни радикал равишда талқин қилаётган руҳий устозларнинг енгил ўлжасига айланмоқда. Конституцияга биноан дунёвий бўлган давлат эса кундан кунга ўзининг шу мавқеини сезмаган ҳолда йўқотмоқда.
Ёшлар сиёсати қонунда бор, бироқ амалда мутлақо ноаниқ, замонавий, рақобатбардош ёшларни тайёрлашга қаратилган муҳим, эътиборга лойиқ тадбирлар, лойиҳалар деярли кўзга кўринмайди. Ёшлар турли диний мутаассибларга билмаган ҳолда эргашиб кетмоқда, уларни ўзларининг бутларига айлантирмоқда. Ушбу жараёнларда давлат тузган турли ёшлар билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти, деярли, кўринмайди.
Агар стратегик жиҳатдан қарасангиз, динга бўлган бундай иштиёқ, диннинг ролини юксалтириш фуқаролик жамиятни ривожлантириш ва рақобатбардош ёшларни тарбиялашда тормоз ролини ўйнайди. Негадир замонамиз мафкурачилари унутилмас ўтмиш, дунёга машҳур бўлган мутафаккирлар даври ва бизнинг ҳозирги кунимиз ўртасида олти асрлик диний мутаассиблик, обскурантизм ётганини, ҳамма янги ва илғор нарсаларни бўғиб келганлигини унутишади.
Бизнинг мафкурачиларимиз бундай дунё нафақат АҚШ, Европа, Япония, балки Хитой, Корея Республикаси, Сингапур, Хиндистон каби мамлакатлардан илм-фан, техника, технологиялар жиҳатидан орқада қолгани ҳақида суқут сақлайдилар. Негадир «фикр раҳнамолари» бу, иқтисодиятда улкан ютуқларни қўлга киритган мамлакатдарга ҳазар қилиб қарайдилар, бироқ шунга қарамай ўша мамлакатларда кашф этилиб, чиқарилаётган iPhone, компьютерлар, кондиционер ва бошқа илм-фан, техника, технология тараққиёти афзалликларидан фойдаланадилар.
Ҳозирча эса, ўзларини давлатнинг «етакчи мутахассислар» деганлар, мафкуравий маҳсулот сифатида пайпоқ узунлиги ва этак узунаси ахлоқнинг кўрсатгичи эканлиги тўғрисидаги ўзларининг фикр-мулоҳазаларини телевидение орқали эфирга узатмоқдалар. Интернетнинг бепойон денгизида маълумотларни эркин излаётган ёшлар бундай интеллектуал қашшоқликни қабул қилмайдилар. Интернет замонавий дунёни қайтариб бўлмайдиган даражада ўзгартирганини, авлодлар ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартирганини чуқур англаш вақти келди. Қандай қилиб баъзи сайтларни ёпиш, Фейсбукни блоклаш ҳақида ўйлашингиз мумкин, бироқ буларни барчаси қиммат ва энг муҳими – бефойда. Ҳар куни янги ахборот ва коммуникация технологиялари пайдо бўлиб, ҳар қандай – секс ва порнографиядан тортиб, то юқори технологияларгача бўлган маълумотларни тақдим этмоқда. Болалар ота-оналар, бошқа катталар тушунтириб бера олмаган, билмаган саволларга интернет оламидан ўзлари жавоб топмоқда.
Эҳтимол, Ўзбекистонда, технологиялар етарли даражада ривожланмаган мамлакат сифатида, давлат телевидениеси, айниқса қишлоқ аҳолиси ўртасида рақамлик тенгсизлик сабабли асосий маълумот манбаи бўлиб қолмоқда, аммо кундан-кунга у смартфон олдида хатто филмлар, кўнгилочар дастурлар ва ҳклар каби сегментларда ҳам ўз мавқеини йўқотмоқда ва йўқотиши аниқ.
Ҳозирча давлат бу масалада аниқ ва тушунарли позицияга эга эмасдек кўринмоқда. Қандайдир маънода дин ва давлатни ажратишнинг конституциявий тамоиллари бузилганлигини кузатиш мумкин. Диний ақидапарастлар кўпроқ тажовузкор, архаик хурофот ва урф-одатларга таяниб, босқичма-босқич ўз сўзларини ўтказиб келмоқда: улар энди қизларнинг дунёвий кийимларини қабул қилмайдилар ва ота-оналар қизларини муваффақиятли турмушга беришни асосий мақсад сифатида кўзлаб, ҳижобга ўрашлари кўпаймоқда. Бироқ, шуни ёдда тутиш керакки, дунё тараққиётининг етакчилари дин фақат шахсий иш бўлиб қоладиган мамлакатлардир. Иккинчидан, технология, инсонпарварлик ғоялари етакчилари орасида диний давлатлар мавжуд эмас. Агар мамлакат раҳбарияти жамиятга сирғалиб келаётган диний радикализмга қарши аниқ, етарли чораларни қўлламаса, Ўзбекистон аутсайдерлар орасидан ўрин топишга маҳкум бўлиши мумкин. Биз дунёвий таълим, табиий ва аниқ фанларга эътибор қаратишимиз даркор. Ва диний мутаассиб талаба билан баҳсда асосли жавоб беролмай, ғолиб бўлмаган университет уқитувчиси, менинг фикримча, заиф мунозарачи ва билимсиз педагог. Ҳатто у хорижда ўз ихтисослиги бўйича бирор нарсани ўқитган бўлса ҳам – университетлараро алмашув бундан кўра ортиқ нарсаларга ҳам қодир.
Ўқувчи «қандай тавсия берасиз?», – деб сўраши мумкин. Бу ҳолатдан чиқиш йўли битта – фуқаролик жамиятни ривожлантириш, турли йўналишдаги нодавлат ташкилотларини яратиш, сўз эркинлиги чегараларини кенгайтириш. Ҳокимият ижтимоий фаол, дунёвий руҳдаги фуқаролардан қўрқмаслиги керак. Пандемия даврида фуқароларнинг фаоллиги, қўллаб-қувватлаш ўрнига тўхтатилди, Жасур Ибрагимов иши ҳолатларини ҳар томонлама ва холис текширишни талаб қилган фуқароларнинг фаолияти, фаолларни жаримага тортиш билан якунланди. Бундай ҳолатлар тўғри бўлмаса керак, жамиятнинг ривожига салбий таъсир кўрсатади.
Давлат айрим ҳолларда ижобий фуқаролик фаолиятига босим ўтказиб, Ўзбекистонни обскурантизм тубига фаол ва тажовузкор равишда тортиб бораётганларга йўл бериб, катта хатога йўл қўймоқда, деган фикрга келасан киши.
Мансур Ибрагимов
P.S. Anhor.uz ушбу муаммоларни кўп марта кўтарган, афсуски, унчалик самара бермаган. Бироқ, биз «интилганга толе ёр» деган мақолга ишонамиз. Ушбу мавзу Nuz.uz веб-сайти томонидан «Ўзбекистондаги фан ва дин: улар орасидаги чегарани қандай ва қаерда ўтказиш керак?» мақоласида кўтарилганлигидан жуда хурсандман. Ушбу мақола билан Nuz.uz веб-сайти чоп этган мақолани қўллаб-қувватламоқчиман.
Шарҳлар