“Ҳаж-2014” мавсуми бошланди

“Ҳаж-2014” мавсуми бошланди

Шу йилнинг 15-26 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Термиз-Мадина, Фарғона-Мадина, Андижон-Мадина ҳамда Урганч-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш режалаштирилган, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати.  

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига жўнатилган эди.

15 сентябрь куни эса ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 499 нафардан иборат дастлабки гуруҳлари иккита рейсда (4 нафар делегация, 6 нафар ишчи гуруҳи, 4 нафар ошпазлар, 4 нафар шифокорлар) Тошкент-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди.

Зиёратчиларга сафардан олдин Давлат рамзи туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган “Жулнор ат-Тоййиба” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 4500-5000 метр узоқликдаги тўрт буржли “Муҳаммадия” меҳмонхонаси тайёрланган.

Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Уларга мавсум давомида ўзбекистонлик 25 кишидан иборат ишчи гуруҳи, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Юртдошларимиз учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.