Чимён МДҲ мамлакатларидаги энг яхши тоғ-чанғи курортлари 10 талигидан ўрин олди

Чимён МДҲ мамлакатларидаги энг яхши тоғ-чанғи курортлари 10 талигидан ўрин олди

“Travel.ru” сайти ҳордиқ чиқариш нархи бўйича МДҲ мамлакатларидаги энг оммабоп тоғ-чанғи курортларининг рейтингини эълон қилди. Унга Ўзбекистондаги “Чимён” базаси ҳам кирди, дея хабар беради “UZ24” нашри.

Рейтингда ҳордиқ чиқариш бюджети  бир киши учун ҳисобланган. Унга қуйидагилар кирган:

– тоққа кўтарилиш жойидан 15 километр масофада жойлашган икки-уч юлдузли меҳмонхонада яшаш қиймати;

– шу яқин атрофдаги қаҳвахонада овқатланиш нархи;

– бир кунлик ски-пасс (тоғ-чанғи курортларидаги тоққа кўтарилиш учун электрон рухсатнома).

Мазкур рўйхатда Чимён курорти кунига 51 АҚШ доллари бюджети билан тўртинчи ўринни эгаллади. Биринчи учталикка эса Қирғизистондаги “Қоракўл” (кунига 46 доллар), Белоруссиядаги “Логойск” (кунига 49 доллар) ва Арманистондаги “Цахкадзор” (кунига 50 доллар) курортлари кирди.

Қайд этиб ўтамиз, Чимён тоғ-чанғи курорти Тошкентдан 80 км узоқликда Чотқол тоғ тизмасида 1600 метр баландликда жойлашган.  

Фотосурат: travel.zaz.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.