Газ билан муаммо йўқ… Биздамас Хитойда

Газ билан муаммо йўқ... Биздамас Хитойда

2014 йил октябрь ойи охирига келиб Марказий Осиёдан Хитойга 65 млн тоннадан зиёд табиий газ етказиб берилди, дея хабар беради ХХР Шинжон-Уйғур автоном ҳудудининг божхона идораси.

Марказий Осиёдан Хитойга тортилган газ қувури Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасида бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтади, кейин Хоргос НЎП ҳудудида Хитой чегарасини кесиб ўтади. Газ қувури йилига 55 млрд кубометр ёнилғи ҳажмини ўтказишга қодир.

2014 йил январь-октябрь якунлари бўйича ушбу қувур орқали Хитойга 17 млн тонна ёнилғи етказиб берилган. Бу 2013 йил январь-октябрь ойларига қараганда 3,5% га кўп.

Бундан олдин Anhor.uz шу йилнинг сентябрь ойида Тожикистоннинг Рудакий туманида (Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан чегарадош) “Марказий Осиё-Хитой” давлатлараро газ қувурининг Тожикистон участкасини қуриш бошланганини маълум қилганди.  Мазкур лойиҳага йўналтирилган инвестициялар ҳажми 6,7 млрд.долларга баҳоланмоқда. Магистралнинг лойиҳа бўйича қуввати йилига 30 млрд.кубометрни ташкил этади. У бошқа учта тармоқдан фарқли ўлароқ минг километрга қисқароқ бўлади. Газ қувури Ўзбекистон, Тожикистон ва Қиғизистон ҳудуди бўйлаб Туркманистондан Хитойга ўтади. Унинг Тожикистондаги қисми энг узун эканини ва 400 км дан ортиқни ташкил этишини қайд этиш жоиз. Ушбу объектнинг кўлами ҳақида унинг қурилиши уч йил давом этиши, умумий узунлиги 76 км келувчи 47 та туннелдан иборатлиги ҳам далолат беради. Йигирма тўртта ҳолатда туннел сув остидан ўтади.   

Шу муносабат билан таҳририят “Чироқ ва газ – фақат биздамас?” мақоласида кўтариб чиққан муаммони яна бир бор эслаш мақсадга мувофиқ бўларди. Юқоридаги маълумотдан кўриниб турибдики, Хитой Ўзбекистон ва Туркманистондан етказиб берилаётган газ туфайли ушбу маҳсулот таъминоти бўйича муаммоларга эга эмас. Бизнинг амалдорлар ва янгидан сайланаётган депутатлар келгусида бизга дўст мамлакатга “зангори олов” етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ва бундан мўмай валюта тушумини олишдан ташқари, мамлакат аҳолисини ҳам газ билан барқарор таъминлаш борасида саъй-ҳаракатларни кучайтиришини жуда истардик. Бу орада эса, республиканинг турли ҳудудларидан газ йўқлиги ҳақида таҳририятга келаётган хатлар ва мурожаатлар сони борган сайин кўпаймоқда…   
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.