Қуруқ жавоблар бор, сув ва электр энергияси йўқ

Қуруқ жавоблар бор

«Anhor.uz» таҳририятига мамлакатнинг турли ҳудудларидан коммунал соҳадаги оғир вазиятни тасвирловчи хатлар келишда давом этмоқда. Бу сафар мурожаат Марғилон шаҳри аҳолисидан бўлди.  

«Ассалому алайкум!
 
Биз Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида “Чилонзор” маҳалласида истиқомат қиламиз. Маҳалламиз кўп қаватли уйлардан иборат. Бу ерда оддий турмуш шароитлари йил сайин ёмонлашмоқда. Электр энергияси ҳатто ёзда ҳам бир неча соатга ўчириб қўйилади. Совуқ тушиши билан эса уни жуда тез-тез ўчиришади, суткасига тахминан 3-4 соат беришади. Бунинг устига сув таъминоти ҳам тўхтайди. Ўзингиз биласиз, сув ва электр энергиясиз яшашнинг иложи йўқ. Кечирасиз-у, ҳатто ҳожатхонани ювиб юборишгаям сув йўқ.

Йил бошида бу борада тегишли идорага мурожаат қилгандик, у ерда туманнинг қайсидир участкаларидаги кабелларни таъмирлашларини ва шу боис ўчириб қўймасликларини айтишганди, афсуски, бу қуруқ жавоб бўлиб қолди. Мана, яна совуқлар бошланди, аҳволимиз бундан ҳам қийинлашди.

Ўтган қиш даврида газ ва электр энергияси йўқлиги борасида тегишли органларга мурожаат қилгандик, комиссия келди, хонадонларни кўздан кечириб чиқди, одамлар уйларини нима билан ва қай тарзда иситишларини кўрсатишди. Шунингдек комиссия авария ҳолатидаги трансформатор будкасини кўздан кечирди. Трансформаторни алмаштиришга ваъда қилишди, чунки у юкламани кўтара олмаяпти, тез-тез ишдан чиқяпти. Кузда маҳалламиз учун газ қувурини ўтказишди, сув қайнатиш имконидан хурсанд бўлган эдик, бироқ хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Ҳозир газ босими жуда паст.

Агар ёрдам бера олсанглар, савоб иш қилган бўласизлар, маҳалла аҳолиси номидан илтимос қиламиз. Бу ерда ёлғиз кексалар ва кичкина болалар ҳам яшайди». 

Ушбу хат амалдорларнинг қониқарсиз иши нафақат тизимдаги узилишларга, айрим ҳолларда эса коммунал хўжалик фаолиятининг издан чиқишига, балки фуқароларнинг адолатли норозилигига олиб келиб, мана шундай мурожаатлар ёзилишига сабабчи бўлишини яққол кўрсатмоқда.

Таҳририят мазкур мақола билан Марғилон шаҳар ҳокимиятига ва тегишли давлат тузилмаларига юзага келган вазиятга алоҳида эътибор қаратишни ва зарур чоралар қабул қилинишини таъминлашни сўраб мурожаат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.