Йўлкира қимматлади. Буёғига-чи?
Шу йилнинг 23 ва 27 апрель кунлари тошкентликлар жамоат транспортининг тартибли ишидан хурсанд бўлганди – тез етиб келаётган автобуслар, эркин салонлар, хушмуомала кондукторлар. Автопарклар раҳбарияти яхшигина ҳаракат қилгани ва йўналишларда ҳаракатдаги барча таркиблар ишлаётгани кўриниб турарди. Бунинг устига рангли қоғозларни тарқатаётган талабалар биз, йўловчилардан уларга нима кераклигини мулойимлик билан тушунтиришга ҳаракат қиларди.
Аммо шу ернинг ўзида ҳам ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар топилди, эмишки, 10 йил олдин ҳам худди шундай мониторинг ўтказилган, лекин ҳеч нима ўзгармаган. Нима ҳам дердик, бу ҳам тўғри. Яна ҳақиқат шундаки, автобус йўналишларини ошириш фоизи кўтарилиши муносабати билан 1 апрелдан бошлаб (баҳор ҳазили сифатида) 11 та йўналишли такси ёпилди. Балки бу тўғридир, нимада юришни ҳар бир кишининг ўзи танлайди – хоҳласа, қимматроқ, лекин тезроқ, хоҳламаса, арзонроқ, аммо узоқроқ. Ўзим баъзида “тезроғини” танлайман.
Шикоятлар ҳам ўзини куттириб ўтирмади, раҳбарларнинг айримлари дарҳол улар бўйича чора кўрди, масалан, 12 ва 68-автобус маршрутларида транспортлар сони ҳақиқатан ҳам кўпайди.
Мониторингга тўхталадиган бўлсак, уни ўтказиш “Тошшаҳартрансхизмат” Ассоциациясининг янги бошқарувчилар жамоаси учун тўғри қарор бўлиши мумкин. Биз эса мавжуд йўналишлар олдингидай қолишига ёки озгина, фақат йўловчиларнинг манфаатларини кўзлаб ўзгартирилишига умид қиламиз. Агар йўналишларда кичкина “чигирткалар” эмас, балки сиғими катта автобуслар кўпайса, ундан ҳам яхши.
Энди 15 июндан бошлаб йўлкира ҳақи 1000 сўмгача кўтарилгани ҳақида. Одатдагидай бу “…харажатлар ошгани муносабати билан…” юз берди. Одатдагидай, ҳеч ким олдиндан огоҳлантирилмади. Ҳолбуки йўлкира ҳақи ошишига шарт-шароит бор эди. Қимматлашувдан бир ҳафта олдин метро жетонлари саноқли миқдорда, бир қўлга кўпи билан беш донадан сотила бошланди. Бир сўз билан айтганда, 15 июнь куни йўловчиларни кутилмаган совға кутиб турарди.
Афсуски, ҳеч биримиз, АЙНАН НИМА ва қанчага қимматлаганини билмаймиз, бироқ факт фактлигича қолмоқда – ҳозир биз бир ой олдинги йўлкира ҳақидан 25% га кўп тўлаяпмиз. Бунисиям майли, энди метрода бизни қўриқчиларнинг сумка ичини кўрсатиш ҳақидаги илтимослари аччиқлантирмаяпти, мулойим салом-алик ва оқ йўл тилаклари барча ноқулайликларни унутишга мажбур этмоқда. Чунки ҳозир ер ости транспортимизда қатнаш ҳақиқатан ҳам ёқимли – ҳамма жой тоза, ёруғ, ёзда салқин. Бунинг учун қўшимча ҳақ тўласанг ҳам ачинмайсан.
Ер усти транспортининг аҳволи эса қониқарсиз. Шахсан мен қониқарли бўлишини истайман – аниқ жадвал, эркин салонлар, кондукторлар ўз вазифасини жарчилик билан аралаштирмаслигини хоҳлайман, ўзимиз ҳам қайси автобус қаерга боришини биламиз. Қанийди, транспорт ходимларини исмлари ёзилган бэйжиклар тақилган форма либосларида кўрсак…
Афсуски, йўловчиларнинг аксарияти ҳаддидан ошган ва сурбет ҳайдовчи ва кондукторларга таъсир қилиш воситалари борлиги ҳақида унутиб, экипажнинг қандай ишлаши борасидаги ўз ғазабини ўзаро суҳбатларда билдиради. Мана ичингиздагини тўкиб солиш учун мўлжалланган сеҳрли телефон рақами – 1062. Бу одатда иш беради. Агар йўловчиларнинг ҳар бири ҳеч бўлмаганда бир марта ушбу телефон рақами орқали шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланса, бундан кейин ҳам иш беради. Ахир тоққа чиқмасанг, дўлона қайда, жон куйдирмасанг жонона қайда, дейишади-ку.
.
Юқорида тилга олинган фикрлар муносабати билан бир нечта таклифни билдиришни истардим. Биринчидан, “Тошшаҳартрансхизмат” Ассоциацияси амалдорларини автопаркларни текширишга ЭМАС, балки ер усти транспорти ҳаракат қиладиган йўналишларни реал назорат қилишга жўнатиш керак. Иккинчидан, автопаркларнинг барча ходимларига форма либосида юришни мажбурий қилиб қўйиш зарур. Учинчидан эса, қайси ҳайдовчи ва кондуктор устидан шикоят тушган бўлса, ўшаларнинг фамилиясини кўрсатган ҳолда шикоятлар бўйича кўрилган чоралар ҳақида маълум қилиб туриш лозим.
Ассоциация режаларида Тошкент автомобиль ҳалқа йўли (ТАҲЙ) бўйлаб шаҳар ташқарисига жўнаш мумкин бўлган автостанциялар тармоғини қуриш лойиҳаси ҳам бор. Балки автобус йўналишларини рақамлашнинг эски қадрдон тизимини қайтариш керакдир. Эсингизда бўлса, ушбу тизимга кўра муайян рақамдан юқориси, масалан, 150, автомат равишда ҳалқа йўлидан ташқарига чиққанидан сўнг шаҳар атрофида қатновчи транспортга айланарди. Яъни шаҳар ичида йўлкира ҳақи одатий тариф бўйича олинса, ундан ташқарида шаҳар атрофи учун белгиланган тариф бўйича амалга ошириларди. Шунда ТАҲЙда янгидан қурилган охирги бекатда тушиб қолиш ва шаҳар атрофида ҳаракатланадиган автобусни кутиб, яна йўл ҳақини тўлашга ҳожат қолмасди.
Яна бир нарса. “Режа” тушунчасини йўқ қилиб, йўловчиларга сифатли ва тез хизмат кўрсатишни биринчи ўринга чиқариш керак. Ҳайдовчи ва кондукторларнинг маошини эса экипажга шикоят бор/йўқлигига қараб ёзиш лозим. Шунда автобусларда юк ташиш, “Қўйлиққача – 500 сўмдан” деган қичқириқлар бўлмайди, ойлик йўл чиптаси ҳатто корхона маблағига харид қилинган бўлганида ҳам, йўловчиларга нисбатан сурбетлик ва йўл ҳақини виждонан тўлаётганларни назар-писанд қилмаслик йўқолади.
Слава Задорожний,
Anhor.uz учун махсус
Фотосурат: Tashtrans.blogspot.com
Шарҳлар