Анхор оқшоми: 11 декабр янгиликлари

Анхор оқшоми: 11 декабр янгиликлари

Гулнора Каримованинг ўғли онасининг жамоатчилик ҳаётига қайтиш режалари ҳақида баён қилди. Биринчи Президентнинг набираси кенжа Ислом Каримов Instagramда: “Мамлакатимизнинг янги раҳбарияти ташаббусига кўра, Ўзбекистонда порлоқ истиқбол учун мустаҳкам асос яратадиган талайгина янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу боисдан менинг онам ҳам молиявий, ҳам жисмоний тарафдан мамлакатдаги ўзгаришларни қўллаб – қувватлашга қарор қилди” деб ёзади.
 
Фарғона вилояти фермерларини “қарздорлар” учун ҳисоб-китоб юритишга мажбурлашмоқда. Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани раҳбари Йўлчивой Боййигитов пахта  режасини бажаришдан даромад олган  фермерларга ўз банк кредитларини тўлолмаётган ҳамкасабаларининг ҳисобрақамларига маблағ ўтказишларига буйруқ берди. Фермерларнинг тасдиқлашларича, маблағлар қарздор фермерлар ёки бошқа шахслар ҳисобрақамларига ўтказилишини билмай ҳайронлар. Ёзёвон фермерлар кенгаши туман бўлими раиси Шарофиддин Исмановнинг сўзларига кўра, ҳеч ким фермерларни номаълум ҳисобрақамларга маблағ ўтказишга мажбурламаган.
 
Тошкентда “Шуҳрат Домбирободлик” ва  унинг укаси устидан суд матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Ака-ука Носировлар виждон эркинлиги, тамагирлик, сохта  хужжатлар тайёрлашда айбланмоқда. “Суд раиси Зафар Нурматов суд йиғилиши иштирокчиларидан суд жараёни бўйича ахборот тарқатмаслик юзасидан тилхат беришларини талаб қилиб олди”,- деди суд  ходимларидан бири.
 
Бухоро вилоятида бузиб ташланган бозорнинг савдо билан шуғулланувчи дўконлар соҳиблари прокурордан адолат талаб қилишмоқда. Маҳаллий ҳокимият бозор бузилишидан аввал тадбиркорларга янги бунёд қилинаётган бозордан жойлар беришга ваъда қилганди. Бухоролик тадбиркорлар “Дилкушо” бозоридаги дўконлар соҳибларини алдаётган инсон айнан Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев эканини қайд этишмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, дўкондорлардан олиб қўйилган ҳудудни ҳоким ўзининг укасига берган.
 
Депутатлар солиқ сиёсати бўйича қонун лойиҳасини танқид остига олдилар. Хужжат бўйича саволларнинг кўплиги муносабати билан депутатлар қонун лойиҳаси муҳокамасини  келаси йиғилишга қадар кечиктиришга қарор қилдилар.  Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш, солиқ текширувлари ва бошқа талай масалалар мунозаралар мавзуи бўлди. Бугун депутатлар  хужжатни қайта кўриб чиқдилар. Шунга кўра, солиқ тўловчиларни паспортизациялаш уч йилда бир марта ўтказилади.
 
Яна
Мамлакатда мактабгача мажбурий  бир йиллик тайёрлов бўйича лойиҳага старт берилди. Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон, Фарғона вилояти шаҳарлари ҳамда Тошкентнинг қатор туманларида бепул амалга оширилади. Бошланғич синов гуруҳларига жорий йилнинг 1 сентябрида 5 ёшу 6 ойлик бўлган ва мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалар қабул қилинади. Пилот лойиҳа натижаларини мактабгача тарбия Вазирлиги таҳлил қилиб чиқади.
 
Шу ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида бўлади. У ерда давлат раҳбаримиз қурилиш ишларининг бориши, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва йирик лойиҳалар жараёни билан танишиб, аҳоли билан мулоқотда бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.